Баходир Ғулом



Сен шивирлаб китоб ўқийсан,ой қиз, 
Дераза ёнида ўй ҳаёл сурдинг. 
Ташқарида ёмғир, кўзларинг   маъюс, 
Узун кипригингдан томади шудринг. 

Хаёлингда гўё ёшлик бахори, 
Ёмғирлар остида олислаб борар. 
Хали ушалмаган орзуларинг бор, 
Шу сабаб, гул кўнглинг йиғлаб юборар...

*** *** ***

Қачон  сени  кўрсам , кўнглим  тўлади,
Кўнглимга мен сенинг исминг ёзганман. 
Юрак  нима, деса ўша бўлади,
Мана, кўрасан! 

Қўнғироқлар қилсам, ғазабландинг гох, 
Қиролича каби  мағрур   бир  қизсан. 
Сени  ўз ҳолинга қўймайман, бироқ,
Мана, кўрасан! 

Кўксимдаги  юрак - қайсар ва тентак,
Мен сени севаман, десам  куласан. 
Бу кеча  тушингда  сўйлайман  эртак,
Мана, кўрасан! 

Соғинтириб  яша,  минг аср оху,
Мен сени гулларга  кўмиб ташлайман. 
Соядек эргашиб юраман мангу, 
Мана, кўрасан! 

*** *** ***

Соғинч ёмон, соғиниш  ёмон, 
Кўзларимга кўринади  гул. 
Чунки, сенинг қошларинг  қалам, 
Чунки, сенинг сочларинг сунбул.... 

Ёноғинга  ой ботар  аста, 
Шунинг  учун кўнглинг  лолагун. 
Миннатдорман тақдиримдан  мен
Сени  кўриб  қолганим  учун. 

Тилим  ожиз, бир  сўз, демоққа, 
Хат  ёзмайман, қайсарлик  билан. 
Менга  ёқдинг, чўғдай  юракни, 
Мағлуб   қилдинг  гўзаллик  билан. 

Кечагина   боқардинг  мағрур, 
Мени кўрсанг, энди куласан. 
Бир севги бор юракда, лекин 
Билиб қолсанг, ҳафа бўласан..... 

*** *** ***

Оташнафас охудирсан, эхтимол, 
Гохи  мағрур, гохи  мунгли  боқасан. 
Сен  мен  учун орзудирсан, эхтимол, 
Қандай   бўлсанг, менга шундай ёқасан. 

Чарақлайди қаро кўзинг - юлдузинг, 
Чайқалади майин сочинг - денгизинг. 
Бу  дунёда энг гўзал  қиз, сен ўзинг! 
Қандай бўлсанг, менга шундай ёқасан. 

Сени  севиб қолгандирман  мен, балким, 
Мухаббатим  рад  этарсан  сен, балким... 
Сени кўрсам  титраб кетар  юрагим, 
Қандай  бўлсанг, менга шундай ёқасан. 

Хаяжонли  -  қалб ҳақида сўйлашинг, 
Қош чимириб мен томон бир бўйлашинг. 
Ойга боқиб   ниманидир  ўйлашинг, 
Қандай бўлсанг, менга шундай ёқасан. 

Сен  ўтнафас жайрондирсан, эхтимол, 
Гохи ўйчан, гохи   кулиб   боқасан. 
Сен мен учун армондирсан, эхтимол, 
Қандай  бўлсанг, менга шундай ёқасан.... 

*** *** ***

Усиз  тўкилмасди  кўнглимдан  бир чўғ, 
Рангли  туйғуларни   қилолмасдим ҳис. 
 Хар  кун  кўз  ўнгимда, у қиз сиймоси, 
Гўзал  ва  нафис. 

Шеърингиз ёқди, деб  ёзарди мактуб, 
Ўқисам, юрагим  ёниб кетарди. 
Ахир,  менга орзу эди  ўша қиз,
Ахир, менга шунинг ўзи етарди.

Мени  қийнар эди, аммо  бир савол, 
Қўнғироқлар қилдим  такрор  ва такрор. 
У  қиз нуқта қўйди  муносабатга, 
Энди хар кеч юлдуз санайман бедор.... 

Усиз  тўкилмасди кўнглимдан бир чўғ, 
Мен, хатто, ўзимни йўқотдим   буткул. 
Тушунмасдан унинг илтифотини, 
Мухаббат,деб қилибман  қабул... 

*** *** ***

Кўзларингда унсиз бир хаёл, 
Жуда гўзал,яширмоқ  нечун.
Сени ёмғир сехрладими, 
Ёки кўнглим қилдими афсун?

Кўзларингда унсиз бир хаёл,
Мухаббатга элтар бу йўлак.
Сен - нафис ва чиройли қизсан,
Мен - ўзини йўқотган юрак.

Кўзларингда унсиз бир хаёл, 
Тўс тўполон тутган шахарда. 
Мендан хафа бўлмасмикансан, 
Тушларинга кирсам агарда?

Кўзларингда унсиз бир хаёл, 
Осмонимда гўё ой тўлар. 
Ёмон бўлди сени кўрганим, 
Энди мени соғинч ўлдирар... 

Кўзларингда унсиз бир хаёл...
  • Яндекс.Метрика