Ирода Умарова



Дераза қанотин ёзади бехос,
Хонамга шабада кирар ёйилиб.
Руҳимни сийпалаб ўтар бир овоз,
Жим туриб қоламан дардга чайилиб.

Ўйлайман дунёга кўзимни тикиб,
Юрагимни ўпиб йиғлайди ҳурлар
Осмоннинг кўксидан оқади сирқиб,
Баҳор ҳиди анқиб турган ёмғирлар...

Ҳар тун ухласам-у турмасам дейман,
Биламан ёдингиз уйғотганини.
Ҳануз тушунмайман бозор дунёда
Сизни нима учун йўқотганимни...

Умримни ҳаётга базўр тирадим,
Ёлғиз суянч билдим Аллоҳимизни.
Севгилим... мен ундан сизни сўрадим
Севгилим... у айтсин гуноҳимизни...

Бу вужуд сабрни кийган вужуддир,
Кунларнинг эгнига соғинч ёпамиз.
Токи коинотда руҳлар мавжуддир,
Арши Аълоларда дийдор топамиз.

Йиғласак йиғлабмиз ёлғон дунёда,
Жаннатларга оқсин кўз ёшларимиз.
Қанотга айланиб кетади ҳали
Елкамиздан эзган бардошларимиз...

Ишқ бу – тариқатдир, гўзал тариқат,
Шеърга айлантирар ҳар оҳимизни
Севгилим, қандайдир... соғиндим... фақат,
Севгилим... билмайман гуноҳимизни...

*** *** ***

Оҳиста-оҳиста ўтиб борар тонг,
Қушларга қоқиниб кетиб йўлакай.
Қабристон,
Ёпиниб намчил шамолни,
Қабрни паналаб ухлар болакай.
Ухлайди,
Беором, бероҳ, беорзу,
Муштчалари – кунлик емакка тугун.
Кулгичида қалқиб қўяди кўзёш,
Ўнгидан тушига сизаверар хун.
Отасини қатл этишар такрор,
Онаси чинқирар ҳар кун тушида.
Қўғирчоқдай гўдак укаси ўлган
Катталарнинг ўйин бу урушида.
Мина парчалари – ўйинчоқлари,
Кўнглин еб бўлмаган ҳали жудолик.
Балки… бир қуролдай ўстирмоқдадир
Ватаннинг ичида ватангадолик?!
Ҳозирча
Куч йиғиб ухлар болакай,
Хуркитманг, жой таклиф этиб ҳам тинчроқ.
Қабристонда тунаш қўрқинчдир, аммо
Қабристондан чиқиш унга қўрқинчроқ.

*** *** ***

Сочимни кестириб ташладим бугун,
Сизнинг нигоҳингиз уламоқчийдим.
Меҳрга умид йўқ, ачиниш билан
Қалбингизга бир бор йўламоқчийдим.

Қарадингиз, лекин кўрмадингиз сиз,
Кўрдингиз, кўринмай зарра эътибор.
Ҳозир койийсиз деб қувондим унсиз,
Олдингиздан ўтдим олти-етти бор.

Кўрдингиз, шунчаки жонсиз буюмдай!
Жонсиз буюмдайин тўнгди юрагим!
Наҳот севгим эмас, менинг сиз учун
Қўлларим, қўлларим бўлса кераги?

Эсиз, бисотимнинг сўнги - сочларим!
Эсиз, бир бедилга кетди уволга!
...Балки кўнгил бермай тўғри қиласиз,
Қадримас, сочига куйган аёлга...
  • Яндекс.Метрика