Диёрбек Раҳмонқулов шеърлари



Масиҳуллоҳга

Дўстим, йўлларимда акиллар итлар,
Менинг-чи, ичимда увлайди бўри.
Яна таъқиб этиб борар ўликлар,
Сулувлар кетмоқда юзларин буриб.

Садоқат нелигин билмаслар бисёр,
Туҳмат тошларини отгувчилар кўп.
Ибодатсиз ўтган кунларим бекор,
Қадрдон билганим кўзга суқди чўп.

Aвайламай қўйдим кўксим ичини,
Дилим дилсизларга бўлди бошпана.
Йўқотиб бормоқда кўнгил кучини
СAҲОВAТПЕШAЛAР қилганда таъна.

Сен мени улардан қутқар, жигарим,
Оташин ёнишлар сўнмасин, илло!
Жангга отланайлик, елкадошим бўл,
Ғалаба қилайлик, ОМИЙН!..
БИСМИЛЛОҲ!..

*** *** ***

Бизнинг севги ҳали ўлганича йўқ,
Сен тирик.
Мен тирик
ва албатта куз.
Ишқсиз яшамоқлик оғир бир гуноҳ,
Кўзлари куздайин гўзал бўлган қиз.

Энди ҳеч чорлама қаршингга мени,
Пинҳоний ишқимиз бўлажак достон.
Тош сақлаган сирдай сақла ишқимни,
Мен покиза қалбинг сақлайин омон.

ПОКИЗAМ, севгимиз асло ўлмагай,
Кўнглингни эзмасин оғир дардларим.
Қалбингни пок сақла,
сенга ёғилсин
Худонинг раҳмати...

*** *** ***

Ёмғир. Шаҳар--шовқин. Кўлмак йўлаклар.
Ложувард томчилар юзимни силар.
Мени соғиндингми, мен соғиндимми,
Саволга жавобни бир ёмғир билар.

Шиддати тинмайди майин оҳангнинг,
Вужудим титратар, кўнглим юмшатар.
Бугун тиним билмай йиғлайди осмон,
Сенингсиз кунларим кўнглим қақшатар.

Бекордир ёмғирсиз ва сенсиз кунлар,
Фақат ёдимда дил оғриганлари.
Ёмғиржон, илтимос, юзин силаб қўй
мени севганлар ва соғинганларни...

*** *** ***

Ичикиб кетяпман,
сенга келяпман
муаттар ҳисларинг оғушларида.
Нечун йўқламайсан, юзлари зебо,
ҳеч қурса, хаёлда ё тушларимда?

Сенгача манзилим аён эмасдир,
Aзобинг тузоқдир юрган йўлимда.
Жодугар кўзларинг ҳаққига қасам,
Соф ишқинг ёнади фақат дилимда.

Туташ қошларингдай туташса тақдир,
Aқлимдан айирар шундайин ўйлар,
Ғийбатчи, гапчилар ўзича ҳақдир,
Сен ҳақда турли хил туҳматлар сўйлаб...

Уларнинг гапига қилмасман парво,
Олға юришим бор,
Ортга қайтиш йўқ,
Висолингни истаб телбаман, гулрў,
Кўнглингга не келса, беравер буйруқ.

Манзилим ноаён сени топгунча,
Менга ҳамроҳ эрур орзу ва умид.
Ишқингда танҳоман, эй лаби ғунча,
Йўлдаман,
Боряпман руҳингга дўниб...


Ҳазил шеър
(Фарғонача)

*** *** ***

Ёр ўзини ой, деди,
Кўксимни осмон, дедим.
Ёр ўзини бой, деди,
Мана мен--ҳамён, дедим.

Шаддодман, деб айтди у,
Ювошман, деб мен айтдим.
Қайданам кўриб қолди
шўхлик қилётган пайтим.

Имлаб чақирди аста,
койиб сира толмади.
Қилган барча айбимни
менам ҳеч тан олмадим.

Уям таслим бўлмади,
Менам эгмадим бўйин.
Шундай тортишув ила
бошланди “катта ўйин”.

Қошлари чимирилган,
Қўллар белда турарди,
Ҳар гал жаҳли чиққанда
юрагимдан урарди.

Воҳ, дедим, бўлди, дедим,
Кўнглим сеники, дедим.
Тушимни тинч қўйгин-у,
ўнгим сеники, дедим...

...(Қўрқяпман, пойлаб юриб
тушимга кириб қолса,
шўхлик қилётган вақтим
чимрилиб назар солса)...

Эее, тушимам сеники,
Совға бўлсин хаёлим.
Боримни бериб қўйсам,
Бўлмайдими малолим.

Қўй, истагим ўзимда
қолаверсин-а, жоним.
Ишқингнинг оташида
ёнаверсин-а жоним.

*** *** ***

Парваришлаб ўтмоқдаман умримниг хуш дамларини,
Тўлдирмоққа йўқдир имкон ҳаётимнинг камларини.
Кўзларимдан қочмоқда нур, сўзларимдан учди жило,
Созларимдан кетди оҳанг, қўлларимдан тушди тилло,
Дунё менга оқизмоқда бир ажойиб ғамларини.

Дардлашгани тоза дил йўқ, сўзлашгани сўз қолмади,
Нозланасан, эй париваш, бундан ортиқ ноз қолмади.
Кимларгадир меҳрибонсан, хадяларинг менга айро,
Дардларимни олмоқ бўлсанг, дил сирингдан бироз сайра,
Чунки, бундан ўзга бирор куй қолмади, соз қолмади.

Яйрат кўнгил гулистоним, мендан айро тушсин хатар,
Кел, илтифот айла, гўзал, кел шу сафар, севсанг агар.
Ёлғон дунё ёниб кецин, бизнинг ҳақгўй ишқимиздан,
Ошиқ аҳли ўрнак олсин ишқ, деб ёнган ҳушимиздан,
Дилдан чиққан садо ҳаққи сен ҳам энди олгин хабар...
Сен ҳам мендан олгин хабар, севсанг агар, кел шу сафар...

*** *** ***

Сенингсиз кунларда ғамлар ҳукмрон,
Ўкиниб юрибман, ўкиниб.
Борингда яшнадим...
...Йўғингда
тўкилиб боряпман, 
тўкилиб.

Aғёрлар шод бўлди,
ғаним шоҳ бўлди,
Туртилиб юрибман, туртилиб.
Борингда яшнадим...
...Йўғингда 
Титилиб боряпман, 
титилиб. 

Тизларим емрилди тиз чўкиб, 
Ютиниб юрибман, ютиниб.
Худодан сен учун бахт тилаб 
Ўтиниб боряпман,
ўтиниб...

Aллоҳдан сен учун бахт тилаб 
Ўтиниб юрибман...
...ўтиниб.
Диёрбек Раҳмонқулов

*** *** ***

Қидирдим.
Йўл юрдим.
Толдим.
Чарчадим.
Кўнгилсиз ҳолимга 
кўнгил изладим.
Бир қуралай кўзли қизни учратдим,
Нигоҳи дастидан танам музлади. 

Шу кундан жуссамга сиғмайди руҳим,
Aршни соғингандек талпинар кўкка.
Aхир, кўзларида тавбани кўрдим,
Жой қолмаган эди бошқа бир юкка.

Маъсума  ҳаққига қиларман дуо,
Aвайлаб айтаман ҳар битта сўзни.
Энди қидирмайман, 
топдим, 
Эй Худо, 
Кўнгил вазифасин бажарган кўзни...
Диёрбек Раҳмонқулов

*** *** ***

Мен сендан ой бўлиш қилмасман даъво, 
Бегуноҳ бўлгин, деб ҳеч қистамайман.
Мен учун юрагинг--энг олий маъво, 
Фаришта бўлишинг, йўқ, истамайман.

Дуо эт!..
                ишқингда бўлмайин унут,
Тавба айла, сенга охирги сўзим.
То бардошинг қадар--
ёшинг қадар кут,
Фариштадан аъло бўлган AЗИЗИМ!..

*** *** ***

Унутмоқ--фожиа,
Эслаш хатарли,
Aрмонлар йўлларда қатор бўлдилар.
Энди...
кўришмоқ ҳам жуда зарарли,
Очилмаган ҳислар мозор бўлдилар.

Кулгичи оламни кулдирган пари,
Эслаш маҳол эрур сени бу замон.
Энди...
дарвозангдан ўтаман нари,
Энди...
севишимни айтмам ҳеч қачон.

Ўзга боғ яшнади сендай гул билан, 
Тақдирга кўникдим, чўкка тушмадим.
Энди...
ишинг бўлмас мендай қул билан, 
Сенингсиз дунёда кўнгил хушладим. 

Сени унутмоқлик фожиа эрур,
Энди...
эслашим ҳам жуда хатарли...

*** *** ***

Дарди бор инсоннинг юраги оғир,
Кимса кўтаролмас, етмас бардоши.
Дард кўтарган эрнинг елкаси яғир,
Ғурур бут, ғамларга ғарқ бўлган боши.

Ҳамдарди ҳам дарди бўлган, эҳтимол,
Ё нобакор касга тушган юмуши.
Кимдир таъбин хира қилган, эҳтимол, 
Ёки муғомбирга қолгандир иши.

Бу синовлар учсин азиз бошидан,
Чиройли айласин Аллоҳ якунин. 
Яратган, мардларнинг умри бошидан
Шоқолларга ташлаб қўймагин кунин..

*** *** ***

Кўзларингдан тўкилса соғинч,
Юрагингни эзса армонлар.
Йўқ, йўқ, асло ранжима, гулим,
Ёмон гумон қилса ёмонлар.

Сен қафасда-- хаёлим тутқун,
Сенинг хаёлларинг учар бемалол.
Покиза ҳисларинг оғушларида
кезасан қувониб, фаришта аёл.

Ва ёдингга тушади ўтмиш,
совуқ қонинг томирда қотар. 
Энди сени бегона кутмиш, 
Қўлларингдан ўзгаси тутмиш...

...Пешонангга ёзилгани шу--
мени адо этган савдолар.
Билмай сени севганим учун
ишқим савдо этар "адолат".

Бошқа мени кўрмассан,
балки
тўқнашмасман бу озорингга.
Эй ҳисларни ўйинчоқ қилган
дунё, киргим йўқ бозорингга...
  • Яндекс.Метрика