Светафор


У чорраҳадаги светафорнинг қизил чироғи қўққисдан ёниб қолишини ҳеч кутмаганди. На газни пасайтиролди, на тормозни босолди. Икки оёғи тошдай қотиб қолганди. Дахшатлиси, қарсиллаб урилганда рўй берди. Тутқичи мажақланган светафор узилиб, машина йўлига улоқиб тушди. Қизил чироғи чил-чил синса ҳам, бутлаб бўлмас бўлаклари сочилган ҳолатда янада ёрқинроқ ёниб ётарди...
Жавлонбек нохуш кайфиятда кўзини очганида бошида хотини ҳар кунги дийдиёсини такрорларди:
-Ширин тушингизни бузвордимми, тез ёстиқдан бош кўтаринг, ҳозир тонг ёришади, бошқа машиналар кўчага чиқмасидан кўпроқ пул ишлаб олишга қачон ўзингиз шошиласиз?
У дили хиралиги тарқамасидан йўлга отланди
- Акажон, бизни Қўшчинорга обориб қўёласизми, - сўради Зебо катта кўча ёқасида тўхтагач, “Такси” ойнасидан мўралаб. 
- Ўҳ-ҳў, бағлардан  аққа юз эллик чақирим юришга тўғри келади-ю, ўзи неча кишисизлар? 
- Тўртта. Мен ва анави уч қиз.
- Майли. Ҳар бирингиз ўндан берасиз, ундан камига бормайман. Вақтим зиқ, розимисизлар, тезроқ айтинглар?
- Келишдик. Қайтишдаям ўзингиз ташлаб қўя оласизми
- Аввал Қўшчинорга етказиб, кейин ўйлаб кўрармиз.
Учала қиз нарсаларга тўла целофан халталару катта-кичик рамкали ялтироқ қоғозларга ўроғлик суратларни машина юкхонасига чаққон қўйишиб, орқа ўриндиққа ўзлари жойлашишди. Зебо эса ҳайдовчининг ёнига ўтирди.
Сутранг “Спарк” сип-силлиқ асфалт бўйлаб қанотларини ёйган мисол қушдай учди. Жавлонбек  ҳайдовчикда одамларга қувноқ муомала қилишнинг ҳадисини олганди. У орқани кўрсатувчи ойнадан қизалоқларга нигоҳ югуртириб, самимий жилмайганча луқма ташлади:
-Ҳойнаҳой мактабда ўқисангизлар керак-а?
-Ҳа, ўқувчимиз ҳаммамиз, - деди ҳозиржавоблик билан ўртадаги қиз.
-Ие, сиз унда ўқитувчиларими? -  Йигит ҳайратланган каби  бошини аста буриб Зебога кўз қирини ташлади.
-Ўхшамадимми?
-Ўхшамадингиз. 
-Зебо Йўлдошевнани  ҳаммаям бизнинг ўқитувчи деб ўйламайди, жуда ёш кўринганлари учун ўн биринчини яқиндагина битирган бўлса керак дея тахмин қилишади кўпинча, - деди яна ўртадаги бибилдоқ.
-Қўйсангизлар-чи, қизларлар. Мени ўзингиздан анча катталигим сизлардан бошқаларгаям шундоқ билиниб туради аслида, – муаллиманинг юзлари қизариб, хижолат чекаётгани зумда сезилди. 
-Неччидасиз? – Сўради ҳайдовчи.
Ўқувчилари “чурқ” этишга ботинолмагач, Зебо  ўзига сира ёқмайдиган бу саволга яна нимадир дейиши  кераклигини англади.
-Ўзингиз-чи?
-Насиб қилса, бу йил йигирма еттига тўламиз.
-Ҳа. Мен озгина каттароқ эканман. 
-Йигит ҳайратланди. “Наҳот мендан катта бўлса?” деган ўйга борди. Қизнинг сўзларига ишониб-ишонмаса-да, қарашга ийманди. Барибир ёшини яширгиси келаётганини сезди. 
-Турмушга чиққанмисиз? – Зебо безовталанди. Тўсатдан айтган гапи муаллимани ўнғайсизлантириб қўяётганини илғадию, аммо ўқ камондан аллақачон чиқиб бўлганини сезиб мум тишлади.
-Йўқ, шопир амаки, оямиз ҳали куёвликка номзодлардан ҳеч бирини ўзларига маъқул топмадилар.– Ноқулай вазиятдан халос қилишга уринишди қизлар устозларини. 
-Яхши. Бу ахир умр савдоси, асло-асло шошиб бўлмайди, - деди йигит таажжубини яширгандай. Аслида “Ҳа, шундан экан-да. Жуда эсли-одобли, аҳли доно кўринадию, нега ҳалигача бирон оилани этагидан тутмагани қизиқ. Тавба ҳозирги қизларам ғалати” – деган фикр кечди хаёлидан. 
    -Қўшчинорда бирор тадбир борми?
- У ерда бугун вилоят миқёсида “Келажак юлдузлари” танлови ўтказиляпти.
-Эҳ-ҳа, бизлар эртанинг юлдузларимиз,  денглар. Мен бўлса, сизларни светафор деб ўйлабман, - бирдан хо-холаб кулиб юборди йигит. 
Қизлар кутилмаганда бу гапни ўзларига малол олишди.
-Нега ундай дейсиз? – дейишди бараварига.
-Бирингиз яшил, бирингиз қизил, бирингиз сариқ либосга бурканволибсизку.
Чиндан ҳам қизларнинг барчаси “Келажак юлдузлари” деб ёзилган  эмблема  тасвири олдига туширилган фудболкаларда эдилар. Аммо бири рассомчилик, бири рақс, бири ашулачиликдан  қатнашаётгани учун йўналишлари бўйича кийинишганди.
Энди ҳайдовчи йигитнинг синчков эканини билдириб қўйиш ниятида енгил юмор қилганини билган қизлар жаҳлни унутишди.
-Майли, танишиб қўяйлик, камина одамларни “Юришга тайёрланиб туринглар!” деб огоҳлантирувчи сариқ белгиси - Нигинаман.
-Мен уларни тез юриб, йўлни кесиб ўтишга чорловчи яшил белгиси  - Нозлиман.
-Мен эса Шаҳло, таъқиқ белгиси - қизилвойман.
Қизлар бирдан қиқирлаб кулиб юборишди.  Сўнг яна сўзларида давом этишди:
- Билмасангиз билиб олинг. Бизлар барчамиз чораҳада, серқатнов йўлларда турамиз. Буйруқларимизга бўйсунмаганларнинг тақдири фалокатлар билан тугайди. – 
Машинада яна гуррос кулгу кўтарилди.
 – Қоидабузарларни асло аяб ўтирмаймиз, шавқатсиз жазолаб юборамиз! 
-Эҳ-ҳе ёмон экансизлар-ку. Сизларни бунчалик қаҳриқаттиқ деб сира ўйламагандим, - дея ҳайдовчи ҳам ҳазилга аралашди. Сўнгра муаллимани ҳам суҳбатга тортгиси келди.
-Қизларингизни роса гапга ўқитибсиз.
-Йўқ-йўқ. Мен гапга ўқитмаганман, ўзлари аслида шунақа шўх-шаддод ўқувчилар.
Йигит ёнида беҳад чиройли, бунинг устига камгап, камтар, тортинчоқ  қизнинг кетаётганидан юрагидаги  аллақандай мудроқ ҳислар аста уйғонаётганини сезди.
-Нечанчи йилда туғилганингизни айтмадингда ҳеч, Паспортингизга бир кўз ташлагим келди, - деди яна ёнига ўғринча боқаркан йигит.
-Устознинг паспортларига эмас, сиз ўзларига боқинг. Маълумотлар ҳақиқатдан  адаштиради,  - деди Нигина.
-Ўн саккиз десангиз янглишмайсиз! – Қўшиб қўйди Шаҳло.
-Қизлар, етар, ҳаддиларингда ошманглар. Тушишга тайёрланинг. - буюрди Зебо ўртада жиддийликни уйғотиш учун. Сўнг ҳайдовчига юзланди. 
– Чорраҳадан ўтиб тўхтаб қўйсангиз.
-Манзилга етибмизда. Қачон қайтасизлар энди?
-Телефон рақамингизни берсангиз, ўзимиз олдиндан вақтини айтамиз, телеграмингиз борми, ёзворамиз? 
-Бор. Тез-тез кириб тураман.
-Келишдик. Телефонимнинг пули тугаган эди. Яхшиси, хабар юбораман.
-Кутаман.
Улар машинадан тушиб, танлов ўтказиладиган боғ томон илдамлаб кетишди. Жавлонбек эса худди йўлдан тасодифан жавоҳир топиб олгандек юраги орзиқиб машинаси рулини ортга бурди. Назарида, муаллима қиз мазмунсиз ҳаётида бирдан умид чироғини ёқиб юборди. Аммо ўзининг аллақачон оила аталмиш қўрғонга қадам босиб қўйгани, ва бу қўрғонда хотини, болалари борлиги сабаб ҳеч қачон чиқишга йўл йўқлигини ўйлаб юраги увишди. Нимадир алам қилди, нимадир ўкинч уйғотди. Чеҳрасини тундлик эгаллади. Кўзларига мунг қўнди. Умрбоқий ҳаёт шарти, бузиб бўлмас ҳаёт қоидаси олдида ўзини ғоят чорасизлигини англади.

***

Ниҳоят тушликдан кейин  соат учлар атрофида телеграмида “Зебо Камолова” номи остида янги хабар келиб тушди. “Танловимиз тугамоқда. Йўлга чиқаверинг”. Жавлонбекнинг кўнглида қизиқишга ўхшаш қандайдир ҳис ғимирлаб, қизнинг исм-шарифини ёзиб “Fasebook” ижтимоий тармоғидан ҳам қидириб кўрди. Бир зумда топди. Топдию, профилдаги маълумотларни ўқиб кўзларига ишонмади. Наҳотки у 1989 йилда туғилган бўлса, наҳотки ҳозир ўттиз бир ёшда. Бироқ нега ҳалигача шундай маъсума қиз оила қурмаган. “Унинг бирон жиддийроқ касали... йўқ-йўқ севган йигити, кутаётгани, ишонгани бормикин?” Йигитнинг бошида саволлар ғужғон ўйнади. ғарқ бўлди. Сабаби у муаллима қиздан фарқли ўлароқ энди ўзи учун анчайин эрта бўлиб туюлган 21 ёшида уйланганди.
Машина етиб келганида эрталаб тушиб қолишган бекат бетидан қизлар  тизилишиб кутиб туришарди. Худди светафор каби. Жавлонбек Зебонинг эгнидаги кўйлакнинг рангига эътибор қилди. Қизил. Таъқиқ белгиси...

***

Оқшом пайти У зерикканиданми, хотинининг асабини қақшатадиган шанғиллоқ овозидан чалғиш учунми ижтимоий тармоққа кириб, турли хабарларни ўқиётиб, тўсатдан кўзи Зебонинг профилига тушди. Доирача яшил ёниб турибди. Қиз ҳам онлайн, - у ҳам интернетга кирган. Иккиланиб-иккиланиб, охири шартта таваккал иш тутди. –“Уйингизга яхши етиб олдингизларми?”- деб ёзишга журъати етди  ниҳоят.
“Ха. Раҳмат.”–  жавоб келди уёқдан.
“Яна бирон юмуш бўлса, дарров менга хабар қилинг,  зумда машинада олиб бориб келаман.”
“Хоп. Таклиф учун ташаккур.”
“Фақат шугина эмас, “Fasebook” дан ҳам дўстлик таклиф этдим сизга. Лозим кўрсангиз қабул қиларсиз.”
Бироз сониялардан сўнг қиз жавоб ёзди.
“Ана, қабул қилдим, энди дўст бўлдикми?”
“Дўст бўлдик. Ушбу илтифотингиз мени беҳад қувонтирди. Сиздек билмли, ақлли қизни учратиш ҳам бахт бизга.”
Қиз ҳеч нарса ёзмади. Жавлонбек Зебо ўзини мақташса, эътирофлашса, ҳижолат чекишини, вазиятдан қандай сўз билан чиқиб кетсам эка-а-ан” деб ўйланиб  қолиш одати борлигини илғади.  Шунинг учун гапни бошқа ёққа буришга ҳаракат қилди.
“Сизга қизил  жуда ярашар экан. Бу рангни ёқтирасизми?”
“Қайдам. Шунчаки кийган кўринаман.  Ўзингиз-чи?”
“Менга яшил ёқади. Худди светафорнинг шу рангдаги чироғига ўхшаб. Бунда олға юриш имконияти бор...” 
“Доим олға юришни яхши кўраман денг?”
“Яхши кўрмайман.  Истайман. Ҳозир шу истак менинг кўнглим тубидаги нурни ёқиб тургандек бўлади.”
“Зўрку.”
“Агар буни зўр деб ҳисобласангиз, нега сиз ҳам юриш белгиси рамзини яхши кўрмайсиз. Хаёлимда худди қизил чироқ остида туришни севадигандексиз.”
“Ўхшатишларга жуда уста экансиз”
“Шунақаман. Дилимга келган фикрларни тап-тортмай айтворадиган ғалати феълим бор. Ҳар қалай сизга ўхшаб “сирли одам” бўлишни сира эплолмайман.”
“Ким мени сирли деб айтди.”
“Ўзингиз.”
“Ўзим?”
Жавлонбек хотини ёнига келганини бирдан сезиб қолди. 
-Манави матоҳингизни ташлаб, Нилуни ушлаб турсангиз бўлмайдими? Овқатим  куйиб кетди-ку. Намунча шундан кўзингизни узмай қолдингиз. Бундоқ менга қарашай ҳам демайсиз.?
Йигит интернетни ўчириб, янги суҳбатдошини жавобсиз қолдиришга мажбур бўлди...

***

Паға-паға қор ёғиб турганига қарамай, Жавлонбек театр биноси олдига жуда эрта келди. Бугун умрида илк бор спектакль томошалашга тушиши. Бунга биргина сабабчи ўша... У фақат театргагина эмас, йигитнинг  турли романтик ишқ қиссаларига тўла китобларни тунлари қўлидан қўймай мутолаа қилишига, кундузлари телефонидан турфа шеърлар ўқиб, севги қўшиқларини тинглашига, соғинчларда, фироқларда ўртанишига, ёниб-куйишларига ҳам сабабчидир.  
Ниҳоят узоқдан  қизнинг қораси кўринди. Буни қарангки,  қадам босишлари ҳам ўзи каби ҳеч кимга ўхшамаган. Чиройли,ёқимли ва оҳиста.  
-Охир-оқибат аразларингиз тарқаб, аёвсиз қийноқларингиз тугаб, учрашувга келганингиздан роса хурсандман, - деди йигит ҳаяжони  ичига сиғмай. 
-“Лайли ва Мажнун” спектаклини ўтказиб юборсак, гуноҳ бўлади деб ўйладим. Шу достон ёзилган китобниям туҳфалагим келди.
-Қани менинг совғам унда? – ёш болалардек  кескин хитоб қилди у кўзлари бахтдан чақнаб. Гўё у шу лаҳзаларда ўзини орзулар кўшкида тургандек сархуш сезарди.
-Бу сизга! – деди Зебо қўлидаги қалин муқовали китобни йигитга узатиб.
-Рахмат. Эвазига манаву атиргуллар бағрингизни тўлдирсин. - Йигит ҳалитдан бери қўлида авайлаб ушлаб турган қип-қизил гулдастасини  суюклисига узатди.
-Шундоқ аёздаям очилибдими булар? – Ҳаяжонини яширолмади қиз.
-Сиз учун очилган экан.
-Алдоқчи. 
-Ўзингиз шунақа!
-Мен қачон ёлғон гапирдим?
-Билмайсизми?
-Билмайман.
-Ҳеч кимсага кўнгил қўймайман деганларингиздан тонасизми?
-Тонмайман.
-У ҳолда мени севмас экансиз-да?
Қиз не дейишни ҳам билмай уятдан кўзини ерга қадади. 
-Мен сизга туйғуларим ҳақида сўз очишдан истиҳола қиламан, - деди у секингина.

***

 Жавлонбек уйига кечқурун етиб келганида хотини ва болалари аллақачон уйқуга кетишганди. Ичкари ётоқхонага кирмай, зал тўрисидаги диванга аста ёнбошлади. Негадир кўзига уйқу келмади. Ҳали ҳануз “Лайли ва Мажнун”нинг оғир қисмати руҳиятига таъсир қилиб, юрагини изтиробга солар, ич-ичидан хўрлигини келтирарди. У кўнглига малҳам излаб қўлидаги китобни очди. Очдию, кутилмаганда орасидан чиқиб қолган хат йигитни сергаклантирди. У Зебодан эди.
“Мактуб – юзма-юз турганда айтолмаган ҳисларингизни қоғозга жойлаб, ўз эгасига авайлабгина етказишингиз мумкин бўлган ажиб зарқоғоз экан, дилқоғоз, туйғуқоғоз экан. Очиғи, мен ушбу номани битмоққа кўп иккиландим, қўрқдим. Чунки, кўнглимдаги гапларни йигит кишига айтиб ўрганмаганман.  Аммо бугун ичимдаги жудаям кучли бир овоз ёзишга, тўкилишга ундади. Ахир, сиз менинг ҳаётимда, хаёлларимда қанчалар чуқур жой эгаллаганингизни билмайсиз деб ўйладим. Бунга ташқаридан қараганда ўзимнинг беҳад жиддий кўринишим сабаб. Аслида қалбимда туйғулар шунчалик қайнаб тошадики, денгиз ҳисларим олдида бир кўлмакдай гап. Болалигимдан ақл билан иш тутишга, ҳар нени ҳисоб-китоб чиғириғидан ўтказишга, гап-сўзларга мулоҳаза билан ёндошишга ўргатиб тарбиялашган. Шу боисдан, сиз ҳаётимга кириб келмагунча муҳаббатни хаёлимга ҳам келтиролмаган бўлсам керак. Бу қадар кучли ҳиснинг асирига айланаман деб сира тасаввурлолмасдим. Чунки мен узоқ йиллар давомида яшил чироқ ёнганини илғамай, мағрурлик билан  сариқ, заъфарон нурлар остида умримни бой бердим. Аслида ҳар бир инсон туйғуларини англаб олиши учун вақт керак бўларкан. Мен севгини англашга кечикмадимми деган ўйларга бориб, қўрқувларга тушиб кетаман баъзан. Лекин барибир сизни топдим ва сиз томон чорраҳани кесиб ўтишга жазм айладим. Туйғулардан ақлни устун кўрувчи қизга ишқ нелигин англатганингиз учун  ташаккур!
Самимият ила сизнинг Зебойингиз.”
Жавлонбек хатни ўқиб кўзларидаги ёшларини кафти билан артди.  Қизнинг ижтимоий тармоқдаги профилига кириб “Номангизни олдим. Худди ўзингиздай гўзал битибсиз” дея ёзиб қўйди. Сўнг мириқиб тинч ва хотиржам уйқуга кетди. Тонгда ҳаммадан эрта уйғониб ўзи нонушта тайёрлади. Кийиниб, тараниб, барвақт ишга жўнади... 

***

Йигит тушдан кейин қизга қўнғироқ қилиб, телефон ўчирилганига бироз ҳайрон бўлди. Эҳтимол мажлисдадир, деган ўйда ўзининг жавоб қайтаришини кутиб кунни кеч қилди. Кўнглига қандайдир ҳавотир чўкди. Яна ва яна рақамга уланиш тугмасини босар экан, ҳар сафар бир хил “Абонент аппарати ўчирилган” сўзи такрорланавериб, тинглайвериб хуноби ошганча уйига йўл олди. Балки қиз уялаётгандир, дея яхши гумонларга боришга ҳаракат қилди. Кечқурун эшикни кўзлари йиғидан қизариб кетган рафиқаси очди.
-Зебо Йўлдошева ким? - деди у тўсатдан.
-Қанақа Зебо?
-Ўзингизни гўлликка солманг. Қайси Зебо бўларди, сиз ҳар доим телеграмингизда ёзишиб юрадиган анави мегажин қари товуқда!
-Оғзингга қараб гапир хотин! У қиз сен ўйлагандек...
-Айтинг-айтинг, қанақа у? Бировнинг эрини йўлдан уришга уялмайдиган оппоқ фариштами?
-Ҳа, фаришта!
-Менга раҳмингиз келмаса ҳам, ҳеч бўлмаса, шу икки болангизга ачинмадингизми, уятсиз! Тағин ҳаммани алдаб, қанақасига ўзингизни эркакман, отаман деб юрибсиз. Ҳайф сиздақа эрга. Мени қаро гўрга тиқдингиз, ҳаётимни хазон қилдингиз. 
Жавлонбек ҳозир нимадир деса сўзлари оловга баттар керосин сепгандек акс таъсир қилишини англаб тилини тийди. Хотини Зумрад эса баттар жазавага тушди.
-Илгарироқ ёзишмаларингизни ўқиб, ўша бетийиқнинг шармандасини чиқазишдан ўзимни бир-икки тўхтатгандим. Бироқ эрталаб ёстиғингиз остидан манави хатини топиб олиб, қоним қайнаб кетди.
Жавлонбек хотинининг қўлидаги хатга кўзи тўшиб юраги “шув” этди. Унинг кейинги сўзларини эшитгач,  кўзлари даҳшатдан чақчайиб, йиқилишига сал қолди. Ҳаммаси тамомлигини англади.
-Ўша қари илоннинг мактабига бориб, ҳамкасбларию ўқувчилари олдида сочини юлиб, юзини тупроққа қориштириб келдим. Оилалик эркакни йўлдан уриш қандай бўлишини кўриб қўйди ҳаммаси. Бари қилмишларини бўйнига қўйиб асл башарасини ёнидагиларга танитиб қўйдим.
-У-чи? У нима деди? – Жавлонбекнинг қўрқувдан танасига дағ-дағ қалтироқ кирди. 
-Нима ҳам дея оларди, мен ўшанинг гапини эшитиб ўтиргани борганмидим. Юз-кўзини юмдалаётсам, “Сизнинг борлигингизни билмагандим, опа?!” дея кечирим сўраб, пойимга чўкиб тавалло қилишни билди, холос. Ўзича мени боплаб лақиллатаман деб ўйлади чамаси.
-Унда айб йў-ў-ў-ўқ! – Қичқирди эр бор овози билан. Кутилмаган шовқиндан  ичкари уйдаги катта ўғли йиғлаб ташқарига отилди. 
– Мен Зебога оила қурганимни айтгим келмаганди. У чинданам билмасди. Нималар қилиб қўйдинг, хотин?
 Жавлонбек умрида илк бор хўнграб йиғлаб юборди. Ҳатто ён қўшниси Робия хола йиғи овозини эшитиб, ёнига чопиб келганини кўрганда ҳам ўзини тўхтатолмади. У ҳозир ҳамма нарсани унутган, ҳаётнинг, яшашнинг мазмуни тугаган эди. Энди ўлари ҳам, қолари ҳам барибир эди. Жавлонбек  дунёдаги энг севган инсонидан бир умрга айрилганига балки чидаши мумкиндиру лекин, ўша беайб, беғубор, фариштасифат қизнинг бошига хунук фожиани йўлиқтиргани учун ўзини қандай кечира олади, қандай оқлай олади...
  • Яндекс.Метрика