Aҳаджон Исмоилов шеърлари



"Кел" дейди шунчаки учта ҳарф,
Уч нуқта...
Тўрт тараф,
Бир манзил.
Муштоқлик артибон шамширин,
Ҳажрдин тин олсин дил тарзи.

"Кел" дейди сукутим ҳайқириб,
Сен уни тинглашни биласан...
Сўнг ғусса йиғлайди айқириб,
Боридан айрилар айрилиқ,
Келасан...

Келасан, кўзингда бир соғинч,
Ризолик, ҳам тана, ҳам таъма...
Сўлим боғ,
Ўриндиқ,
Бир китоб-
Ўзидан норизо чегара...

Ғалати...
Соғинчли лаҳзалар,
Aсрга дўнмоққа қилган аҳд.
Шу тахлит яшайвер умрингни,
Қайерга шошяпсан энди вақт?

Боғзимда синадур хўрсиниқ,
Хорғин боғ энтикар саросар...
Кетар чоғ ортингга қайрилдинг...
Бунчалар гўзалсан аросат...

*** *** ***

Мен келаман келишувсиз учрашувга,
Мен кутаман кутганимдан бехабарни...
Кечаларнинг синиқларин териб яна,
Умидларга суяб қўйгум ерталарни...

Бундаги дард негизида ишқ ястанур!
Бундаги бахт эгизи-да бор ҳасратнинг!
Кулгичлар(-)да кўлмак бўлди...
"Қуллуғ" дедим...
Қули бўлмай сен танлаган шум қисматнинг...

Бари ғалат...
Бари давъат акс маъно,
"Ишонма" дер хатларингга разм солсам...
"Кетинг" дединг,
"Келманг" дединг,
Ваъда олдинг.
Кечирмассан шу аҳдларга содиқ қолсам!

Хатларингга аввал ўзни ишонтиргил,
Ё журъат топ ҳақиқат-ла юзлашувга!
Aкс ҳолда менинг бори умрим сени,
Кутиб ўтар келишувсиз учрашувда...

*** *** ***

Салом!
Танидингми?!
Мен ўша-ёмғир.
Овози ороминг олишин кутган...
Шукр!
Уйғондингми?!
Мен ўша-ҳар гал,
Дарпардани чимдиб, сен ширин кулган...

Соғинчларинг қанча?
Мендан озми? Кўп?
Менга тақлид қилди кўзинг неча бор?
Заминни бу қадар суймасдим бахтга,
Ўзинг бор...
Ўзингдек кулгичларинг бор...

Сайрга тараддуд кўра бошалдинг,
Деразангни чертиб шошириб турдим.
Негадир сукутим кута бошладинг,
Мен сени кутдим...

Ёғяпман остонанг остида илҳақ.
Эшик зулфи етди васлдан огоҳ...
Бир қўлингда "Ўтган кунлар"...
Севиндим...
Бир қўлингда еса...
Соябон?!
Еее воҳ!!!

Бошимни борлиққа қаттиқроқ урдим
Ва унда учратдим аччиқ ёшингни...
Шамолга айланиб учириб кетмай...
Маҳкамроқ ушлагин соябонингни...

*** *** ***

Тўгаракда...

Мен эртароқ келаман ҳар гал,
Рўпарангдан олмоқ учун жой.
Кўзларингни севаман ахир-
Йўқ бу каби шеъвадай чирой...

Мудраб қолдим.
Тунда осмонни,
Тонгга бўйлаб шеър ёзгандим мен...
Кўзим очсам "режам қурбони"-
Рўпарамда ўтирасан сен...

Бирдан қалқиб кетар нигоҳлар,
Бир дам қалқиб кетар ҳофизам...
Соғинчларинг йўллайсан менгга,
Кўзи-бурро...
Сўзи-ожизам...

Ҳамма шеърин ўқийди бир-бир,
Ҳамма унинг айбин топади.
Мендан ҳам бир айб ўтар:
Фақат...
Кўзларингни тинглаш ёқади!

Кулгичларинг ўчади ҳозир!
Менда навбат...
Бу дегани дард!
Кўзлариннга қараб шеър ўқиб,
Йиғлатишни биламан фақат...

*** *** ***

Сенинг кулгуларинг жуда юқимли,
Овозинг оҳанги оҳанграбодек...
Термулсанг негадир туюлар менга,
Пинҳона муҳаббат очган даъводек...

Балки мен ҳақдирман.
Aдашдим балки,
Кўзларингни шундай чизганми Худо.
Балки сен ҳаммага шундай қарайсан,
Мен маъно ахтариб қиляпман хато...

Мен чиндан ношудман!
Мен чиндан худбин...
Aммо чекинмоққа кеч емас ҳали...
Йетар!
Кўзларимга бундай қарама,
Сени севиб қолсам нима бўлади?!.

*** *** ***

КУМУШ УЗУК

Чайқалади ҳотижам метро...
Кўп учратдим сулув қизларни,
Сўнг изладим бармоқларидан,
Кумуш узук таққан гўзални...

Бу телбалик бўлмасдан нима?!
Тасодифга интиқман-ночор.
Гўё Тошканд қизлари ичра,
Кумуш узук фақат сизда бор...

Не келади қўлимдан ўзга,
Дийдор эрмас юрак-майлингиз!..
Кўргим келар... 
Лекин билганим:
Кумуш узук...
Бармоқларингиз...

Чайқалади ҳотиржам метро...
Ҳаёлларга кетибман шўнғиб.
Қалбим! 
Кумуш!
Мен сизни излаб,
Бекатимдан кетибман ўтиб...
  • Яндекс.Метрика