Афғон яраси


Жума намози ниҳоялагач, Расул бобо масжидни барчадан кейин тарк этди. У доим шундай қиларди. Жойнамоз устида чордана қуриб, ё кўзларини юмиб олганча паст овозда қуръон тиловат қилар, ё оппоқ соқолини сийпалаганича боши берк кўчага элтадиган мозий хаёллари ва жавобсиз саволлар оғушида бир мунча ўзлигини унутарди. Шундай лаҳзаларда масжид ҳовлисига солинган кигизларни йиғиштираётган дастёр болаларнинг қий-чуви ва тахланаётган кигизларнинг шитир-шитири қулоғига чалинганида ўзига келар ҳамда майда қадамлар билан намозхонадан ташқариларди. 

У масжиддан ҳассасига таяниб чиқаркан, дарвоза олдидаги тиланчи аёлларга нафақасидан ажратган майда пулларни садақа сифатида бирма-бир улашди. Сўнгра, лаш-лушларини йиғиштираётган баққолдан набиралари учун хўрозқанд харид қилиб, камзулининг ён чўнтагига солди. Тўрт томондан баҳорнинг енгил шаббодаси эсаётгани учун шамоллаб қолмай деб очиқ қолган камзули тугмаларини қадаб, бир томонга қийшайганча тушиб кетай деб турган Марғилон дўпписини бошига бостириб олди. 

-Доимгидек масжидни охирги бўлиб тарк этяпсиз,- деди уни масжид орқасидаги кабутарли мозор сари йўл олганини кўрган имом у томонга яқинлашаркан. 

Янги тайинлаган ёш имом масжидга фақат жума кунлари келарди. Бошқа пайтлари кундалик намозларда масжиднинг  хос ходимлари имомликка ўтишар, унинг сира дараги бўлмасди. Расул бобо шу боис уни онда-сонда, кўпинча жума кунлари учратиб қоларди. Имом у билан кўчадами ё масжид ҳовлисидами рўпара келиб қолгудек бўлса, қуюқ ҳол-аҳвол сўрамай нари кетмасди.

-Кампирим ва катта ўғлимнинг қабрини зиёрат қилгани,- деди Расул бобо жойнамозини қўлтиғига қистириб, унинг узатган қўлларини қўш қўллаб сиқиб қўяркан.

У бир қўли билан истаб-истамай масжид орқа томонидаги кўҳна мозор сари ишора қилди. Имом “тушунарли” дегандек бошини силкиб, қўлини кўксига қўйганича “бизга хизмат бўлса тортинманг” деганича ундан узоқлашди. Тупроқли ерларни бирма-бир ортда қолдириб, масжиднинг пишиқ ғиштли  деворлари ёқалаб мозор сари шошилмай бораркан, у орада хўрсиниб қўяр ва юрагидаги битмаган яра қайтадан очилиб, тобора кабирлашиб ва кенгаятгандек, уни азоблашга эҳтимол минг биринчи марта шайланаётгандек туюларди.

Мозор дарвозасидан ичкарилаганида у тўсатдан бўшашиб кетди. Шалвираган танаси дармонсизланиб, мадори қуриятгандек ўзини лоҳас сезди. Ҳассасига бор лошини ташлаб, янаям маҳкамроқ таяниб олди. Шунга қарамай бир неча дақиқа ҳушидан кетадиган даражада кўз ўнги қоронғулашди. Аммо, фурсат ўтиб ўзини қўлга олишни уддалади. Қабрлар оралаб секин юриб, раҳматли кампири кўмилган қабр тепасига келди. 

“Кабутарли мозор” Марғилоннинг кўҳна мозорларидан бири бўлиб, бу ерда азиз авлиёлар ва илм-фан уламолари билан бир қаторда оддий одамлар қабрлари ҳам дўппайиб ердан чиқиб турар, улар остида дунёга келиб-кетиш вазифасини турли рутбаларда адо этган жонлар мангу уйқуга чўмиб ётишарди. Қабристон деярли тўлган бўлиб, анчадан бери ҳудудида янги қабр қазилмай қўйган, чунки  бўш ернинг ўзи қолмаганди. Турфа қабрларга назар ташлаган одам оддий қабрлардан тортиб фусун ва виқорни ўзида акс эттирган, лекин кибр уфуриб турган мармар қабртошлар ўрнатилган қабрларгача мозор ҳудудида ўзига хос картина ҳосил бўлганига ишонч ҳосил қиларди.

Кампири қабри тепасида тик тураркан, Расул бобони доимгидек қалби тўрида мана неча йилки, сарсон-саргардон юрган, у сираям дафн эта олмайдиган хотиралари бош кўтарди. Улар яна қўшин тортиб келди ва у бамисоли бир мустаҳкам қўрғон билиб мудофаага чоғланган қалбини мисли кўрилмаган даражада қамал қилишни бошлади. Бирин-кетин шу хотиралар орасидан ўтган асрнинг саксонинчи йиллари хотираси ажралиб чиқди ва шундоқ хаёлини банд этди. У шуурида жонланган манзара туфайли бир сесканди. Ўзини чалғитиш учун тадорик кўрди. Бироқ, ҳар сафаргидек ожизлик қилди. Беихтиёр кўз олдида қад ростлаган манзара яна уни ўтмишнинг кўримсиз иплари билан чирмаб ташлади.

Ўша куни хотираси панд бермаётган бўлса шанба эди. У ҳовлидаги бир неча туп дарахтларнинг остини курак билан юмшатиб, челакдаги сув билан суғораётганди. Айни чошгоҳ пайти бўлиб, октябрнинг илитиш хусусиятини йўқотган қуёши эрталабдан ўз қўналғасига кўтарилган ва заминга эснаб тикилаётгандек таассурот уйғотиб заиф нур таратаётганди. У ишидан ҳечам бош кўтармас, шу боис шекилли ҳатто дарвоза олдига машина келиб тўхтаганида ҳам бунга айтарли парво қилмади. Дарвоза бир-икки тақиллагачгина, у ишидан бошини кўтарди. Тақиллатган ким бўлди экан деган хаёлда қўлларини сувга чайиб, елкасидаги дуррага артганча кўчага чиқди.

Ташқарида юкхонасининг ранглари униқиб кетган грузовик турар, ёнида учта ҳарбийча кийинган йигитлар ўзаро суҳбатлашиш билан овора, улардан сал нарироқда қандайдир зобит сигаретини бостириб-бостириб чекканча хумор қилиб кўзларини орада юмиб қўярди. Зобит уни кўргач, ўнг қўлини узатди ва лабларига қистирилган сигаретни оёғини тагига ташлаб, товони билан эзди.

-Примите мои соболезнования,- деди шундан сўнг унинг елкасига дўстона қоқиб.

Расул бобо ўша пайтлари эндигина қирқдан ўтган, забардаст ва тетик, ҳали қадди букилмаган, соч-соқоли оқармаган бўлса-да, зобитнинг шу битта гапи оқибатида Афғондаги катта ўғли ялт этиб хаёлидан ўтди ва бир лаҳзада қадди букилиб, соч-соқоли оқариб кетганга ўхшади. Зобит уни карахт аҳволга тушиб қолганини фаҳмлаб, вазиятни юмшатиш учун яна елкасига бир-икки қоқиб, русчада ҳамдардлик билдирадиган сўзларни топиб гапирди. Орада аскарларга қўли билан юкхонани туширишга ишора берди. Грузовик юкхонаси эшиги шарақ этиб туширилди ва юкхонада насронийларнинг ёғоч тобути кўзга ташланди. Аскарлар биргалашиб уни пастга туширишди. У жигарранг, узун ва атрофи михлаб ташланганди. Расул бобо ундан кўзини узмаган ҳолда ўзини аллақачон йўқотиб қўйганди ва атрофида  нима бўлаётганини тушунмасди. Нега аскарлар бу тобутни оёғи остига олиб келишди, нега бундай қилишди, у буни ҳеч идрок қилолмасди. Чунки карахт эди. Қўллари, лаблари, танаси бутунича қалтирарди. Томоғига нимадир тиқилиб қолгандек ҳатто рисоладагидек нафас олиб чиқаролмасди. 

-Ваш сын героический погиб,- деди зобит тобутни кўрсатиб.

Шу пайт узоқдан “болам” деган қайғули овоз кўчани тутди. Овоз борган сари яқинлашар, яқинлашгани сайин янаям қайғули ва юракни эзадиган даражада атрофга ёйилар, замиридаги чуқур дард тўрт томонни остин-устун қилиб ташлашига бир баҳя қолаётгандек, сал қолса зилзила бўлиб, ер ёрилиб кетадигандек  туюларди. 

У пайтлари ўзи каби ёш бўлган кампири узоқдан рўмоли бир томонга қийшанганича, ялангоёқ югуриб келди ва кела солиб яшин тезлигида тобутга ўзини урди. Тобутни қаттиқ қучиб, аламли дод-фарёд солди. Атрофида саросимага тушиб, телбаларча айланди.

-Сен ўлгунча онанг ўлса бўлмасмиди, болам,- деди уни дам қучганича қўйиб юбормай, дам атрофида айланиб.- Шу кунлар ҳам пешонамда бормиди. Тўйингга эмас жанозангга одам айтаманми энди.

У худди ҳайкалдек турган ерида қимр этмасди. Бир пасда дарвоза олдини тумонат одам босиб кетди. Қўни-қўшнилар уйларидан чопиб чиқишди. Қаердандир маҳалла раиси пайдо бўлиб, бўйинбоғини ҳилпиратиб келди. Барча қўшни эркаклар юзларидаги қайғу ифодаси билан унга яқинлашишди ва уни навбатма навбат бағриларига босишиб “Худонинг иродаси шу экан-да” деб ҳамдардлик билдиришди. Лекин у буни заррача ҳис қилмади. 

У Афғонга кетишдан олдин жилмайганча патир четини тишлаган, онаси билан хайрлашаётиб унинг кўз ёшларини артганча,  “қайтгунимча қиз топиб туринг” деб ҳазил тариқасида гапирган, уйдан шаҳар мудофаа ишлари идорасигача чўзилган йўлда ундан ўгитлар тинглаб кетган ўғлининг энди мангуликка чўмган қиёфасидан бошқа ҳеч кимни кўрмас, гўё қорачиқларида фақат шу қиёфа қотиб қолгандек эди. Ҳатто, кампирига қўшилиб, тобут атрофида йиғи-сиғини бошлаган хотин-халажнинг ҳам овозлари қулоғига кирмасди.

-Расулжон, сен ташвишланма -деди маҳалла раиси бир пайт унинг ёнига келиб, ҳамдардлик билдираркан.-Қабристон ва жаноза масаласини ўзим ҳал қиламан.

У шу онда ўзига келди ва  раисга дарғазаб бўлиб, кўзларини чақчайтириб қаради. Зобит ҳам бундан бенасиб қолмади. Кейин эса тобут атрофидаги хотин-халажларга “йўқол” деб бақирди. Унга ёпишиб олган хотинини ҳам силтаб ташлади.

-Бу тобут ўғлимники эмас!- деди тили калимага келгач, дона-дона қилиб.- Тушундингизми, ўғлимники эмас! Ўғлим ҳалок бўлмаган! У ҳозир Афғонистонда, ҳарбий хизматда. Тирик ва соғ-саломат. Бу тобутни эса грузовикка қайтариб юкланглар. Бу ерда адашмовчилик бўлган. Ким биландир адаштиргансизлар.

Зобит норози бўлиб, раисга хавотирли нигоҳ билан боқди. Раис оёғи куйган товуқдек бесаранжом бўлиб, унга бош ирғади ва яна тилга кирди.

-Яратганнинг иродаси шу экан, Расулжон... Кабутарли мозорга дафн қиламиз. Жаноза тадоригини кўрайлик энди, биродар.

-Ҳой, раис,- деди у шу пайт унинг гирибонидан олиб- Мен нима деяпман...Ўғлим тирик... Бу тобутни кўзимдан йўқот! Айт, анави ўрис командирга, олиб кетсин!

Унга гапирганига қаноатланмай, кўзлари косасидан чиқиб кетгудек бўлиб, зобитга юзланди. Айтмоқчи бўлган гапини русчага ўгиришга қийналиб, базўр сўзларни бир маржонга тизди.

-Убери это с моих глаз,- деди иложини топгач, тутилиб-тутилиб.

Зобит бошини чайқаб, бундай қилолмаслигини, юқоридан буйруқ борлигини рўкач қилиб, бугуннинг ўзидаёқ тобутни очиқ қабрга қўйиш зарурлигини русчалаб уқтирди.

-Приказ есть приказ,- деди гапининг сўнггида қатъий оҳангда.

У ҳар қанча қаршисидаги  манзарани англашга уринмасин, ҳечам ўғлининг ҳалок бўлганига ишонгиси келмасди. Қўшнилар қўлтиғидан тутишиб, ҳовли ичидаги ўрик дарахти остига жойлаштирилган сўрига олиб кетишганида ҳам, у ерда боши ғувиллаганча буни инкор қилди ва яна боягидек атрофда нима бўлаётганини англаш хусусиятини йўқотди. Ҳовлида жанозага тайёргарлик кўрилаётганида ҳам у сукут сақлаганча ўзи тушган чалкашлик қаърида эди. Хотини қўшни аёллар билан энди уй ичкарисида дод-фарёд солар, қўшнилар ҳовли ичини бири супуриб, бири саҳнига сувни шакароб қилиб сепар, маҳалла раиси ёрдамчиларига пойинтар-сойинтар қилиб топшириқлар берар, маҳалла домласи жанозага тараддуд кўриш билан овора, анави ўрис зобити эса аскарлари билан тобут олдидан бир қадам ҳам силжишмасди. 

Бир пайт у ўрнидан турди. Шунда барчанинг нигоҳи унга қадалди. Худди Герберт Уэллснинг “Вақт машинаси” асарида барча бир лаҳзага қилаётган ишидан ва ҳаракатидан тўхтаб қолганидек худдики ҳовли ичида вақт тўхтади. Хаммаёқ сув қуйгандек жимжит бўлиб қолди. Ҳатто пашшанинг учгани сезилмасди. У шошилмай маҳалла раиси олдига келди.

-Раис,- деди бирдан кўзлари ёшланиб.-Ғассолга одам юбордингми?

Раис унга тушунмагандек бақрайиб қаради.

-Ўғлимнинг жасадини ювайлик. Шу аҳволида қабрга қўймайлик.

Раис шу тахлитда қилча ҳам ўзгармай бир муддат тош қотди. Унга нимадир демоққа чоғланди, аммо тилини тишлагандек оғиз очмади.

-Нега қаққайиб турибсан? Ғассолга одам юбордингми, дедим.

-Тобутни очиш мумкин эмас,- деди у ниҳоят айбдорлардек икки юзи қизариб.- Юқоридан буйруқ шундай. Боя зобит ҳам буни тушунтирди менга.

-Ў, нима деяпсан, раис бува?!- деди у бир пайт яраланган шердек ўкириб.- Мусулмонмисан ўзи?! Сендан сўраяпман... Мусулмончиликда ўлик ювилиши, қабрга эса анави ёғоч тобутда қўйилмаслигидан хабаринг борми?! Ё партия билетини олганингдан сўнг бу қадриятларга ҳам тупурганмисан?! 

Раис унга жавобан ҳеч нима демай мулзам тортди. У омборхонадан омбур олиб чиқиб, тобут сари йўл олди. Унга яқин борганида рўпарасидан зобит чиқди.

-Открыть нельзя,- деди уни нима қилмоқчилигини тахмин қилиб.

-Қоч йўлимдан,- деди у зобитнинг кўзларига тик боқиб.- Ўғил меники эди. Сенлар тортиб олишдинг. Энди ўлигини ҳеч бўлмаганда ўзимга қўйиб бер.  Уни мусулмон удумларига биноан ерга топшираман. 

-Категорически запрещено,- давом этди зобит биқинидаги тўппончасига эҳтиёт шарт қўлини тегизиб қўйиб.

Зобит ҳар қанча бўйи узун ва барваста бўлмасин, у бир силтаб йўлидан уни олиб ташлади ва тобут олдига бориб, михларини бирма-бир суғуришга киришди. 

-Отойди от него,- деди ўрнидан туриб, уст-бошини қоқаётган зобит бақириб ва шоша-пиша тўппончасини чиқариб унга ўқталди.

Барча ваҳима ичида юрагини ҳовучлади. Энди нима бўларкин деган ўй барчанинг кўнглидан ўтди. Раис бир чеккада турганича даҳшатдан нима қиларини билмасди. Расул бобо эса негадир илкис кулимсиради. Истеҳзо билан пешонасига тақалган тўппончага термулди. Кўз ифодасида мустамлака зулми остида эзилган халқнинг асрларга татигулик дарди ҳосиласи бўлган исён яхлитликда қаддини тутди. Зобитнинг кўз ифодасида мазлум халқнинг бошига тушган зўравонликнинг қолган-қутган қисми насиба сифатида мажбуран улашилди. Зобит унга тўппонча ўқталганча қимр этмас, тепкисини босишга тап тортмайдиган алпозда Расул бобони ана шу тепки ва кўз ифодаси билан огоҳлантирарди.

-Ўртоқ командир,- деди шу пайт хотини уйнинг ичидан югуриб чиқиб.- Илтимос сиздан, рухсат беринг. Отаси ҳам, мен ҳам бир марта ўғлимизни кўрайлик. Уни охирги марта кўрайлик. Кўзларига боқайлик, сочларини силайлик, пешонасидан ўпайлик. Мусулмончиликда ўлик ювилади, тобутда қабрга қўйилмайди. Сиз буни билмайсиз-да. Майли айбситмаймиз. Ҳар тўкисда бир айб. Эрим билмай сизга бақириб юборди. Рухсат беринг, илтимос. Тобутни очайлик.

-Нельзя. Есть приказ.

Зобит қўлидаги тўппончасини туширмай, раисни имлаб олдига чақирди ва эр-хотинни кўрсатиб, унга танбеҳ берди. Раис на унга хўп дейишни, на уларга бир сўз дейишни билмай бошини эгиб олди. Буни кўриб зобит кителининг ички чўнтагидан бир парча қоғозни олиб, унга кўрсатди ва асабийлашиб ғўлдирай кетди.

-Тобутни очинг илтимос,- жувон фарёд уришдан тўхтамасди.- Сизни айбситмаймиз... Ҳар тўкисда бир айб. Майли, кечирамиз... Фақат тобутни очинг, боламни бир кўрай...дийдорига тўйиб олай. Уни ювиб кўмайлик... Юрагим тўкилиб бўлди, шундан ҳам маҳрум қилманг мен шўрликни.

У қўлидаги омбурни ерга ташлаб, тобут қаршисида тиз чўкканича бошини унинг четига тираб хотинига қўшилиб йиғлар, фақат унсиз йиғлаганидан хотинидан фарқли равишда овози чиқмасди. Ниҳоят, шу ҳолича ўғлига жаноза ўқилиб, уни қабрга қўйишди. Зобит тилхат ёздириб, маҳалла раиси билан қабристон қоровулига қўл қўйдириб олди. Тилхатда бирор бир Совет иттифоқи фуқароси томонидан бу қабр кавланиб, мабодо тобут очилгудек бўлса, уларни ва бу ишни олдини олмай ўз лавозимига нисбатан совуққонлик билан ёндошган давлат масъул ходимларини жиноий жавобгарликка тортиш масаласи кўриб чиқилиши қайд этилганди. Расул бобо ҳам қаршилик кўрсатгани учун ҳукуматнинг эътиборидан бебаҳра қолмади. Унга мукаррам ва эъзоздаги партия номидан қаттиқ “ҳайфсан” беришди.

Расул бобо кампирининг қабри устида қуръон тиловат қилиб, юзига фотиҳа тортгач, ўғлининг қабри томон юрди. Унинг қабри мозорни зиёратгоҳ билан ажратиб турган деворнинг ёнида жойлашгани боис, девор ўртасидаги цемент панжаралардан зиёратгоҳ яққол кўзга ташланиб турарди. У ердаги кабутарлар бу ерга учиб келишиб, қабрлар атрофида кезиб юришарди. Айримлари қабртошларга қўниб олишар, айримлари ер тушишиб, биргаликда у қабрдан бу қабрга ўтиб чуғурлашиб вақт ўтказишарди. 

Ҳеч қандай мармартош қўйилмаган, фақат атрофи шувоқ қилиниб, бошқа қабрлардан цемент фундамент билан ажратиб қўйилган ўғлининг қабри олдида ҳам бир жуфт кабутарларга кўзи тушди. Улар ундан ҳуркишмади. У қабр яқинига келгач, уларга маҳзун, қабрга эса кўзларидаги салкам қирқ йиллик изтироб билан нигоҳини қадади. Шунда қорачиқларидан икки томчи ёш оқиб, оппоқ соқолига қадар сизиб тушди. Бўғзига нимадир тиқилгандек нафас олиши қийинлашди. Бир-икки ютинди. Кейин қабр олдидаги бир неча йиллар олдин ўзи ўрнатган кичкина темир ўриндиққа дуррасини ёзиб, аста унга чўкди. Ҳассасини авайлаб ёнига қўйди. Қуръон тиловат қилиб, юзига фотиҳа тортди. Қулоқларини беркитиб олди.

Ўғлининг маъракасидан кейин уни юраги бўм-бўш бўлиб қолгани ҳам кечагидек эсида эди. Хотини касал бўлиб анча уйда ётди. Шу туфайли кичик ўғлига ўзи бош-қош бўлди. Уни эҳтиёт қиладиган, ишидан ортиб мактабига ўзи олиб бориб, ўзи у ердан олиб қайтадиган бўлди. Уни ҳеч қаерга ёлғиз юбормас, албатта ўзи бирга борарди. Бир куни уни етаклаб келаётганида нафас ростлаш  ва саратон қуёшининг тиғидан бир пас жон сақлаш учун маҳалланинг салқин гузарига бош суқди. Тол дарахти тагида ўтирган бир гуруҳ чойхўрлар яхна чойдан ҳўплаб, гурунг қилганча гап сотиб ўтиришарди. Уни бошида пайқашмади ва баланд овозда гапиришда давом этишди. Бир маҳал қаршиларида у пайдо бўлгач, барчаси тилини тишлади. Бироқ, кеч бўлганди.

-Бу гапни қаердан олдиларинг, фаросатсизлар? -деди Расул бобо уларни олдига боргач, сўри устидаги хонтахтага муштлаб.- Ким айтди?!

-Бутун шаҳарда шу гап,- деди Сойиб этикдўз ўзини оқлаб.

-Бутун шаҳарда?!- деди у этикдўзга еб қўйгудек бўлиб тикилиб.

У сўкина-сўкина гузарнинг шундоқ ёнида жойлашган маҳалла фуқаролари йиғини идорасига қараб шитоб йўл олди. Ичкарида раис кичик мажлис ўтказаётган эди.

-Шу гап ростми?- деди у котибанинг қаршилигига ҳам қарамай эшикни тарақ этиб очиб.- Ростми? Тобутнинг ичида ўғлимнинг жасади эмас, темир-терсаклар бўлганми?!

Қўрқиб кетган раис мажлис иштирокчиларига ишора бериб, хонани тарк этишларини сўради. Улар ташқарилагач, унга остонада турмай ичкарилашини ва стулга ўтиришини илтимос қилди.

-Бу шунчаки миш-миш,- деди шундан сўнг босиқлик билан.- Ҳукумат душманларининг иғвоси. Совет иттифоқи обрўсини тўкиш, фуқароларини унга нисбатан гижгижлашнинг яп-янги усули. Бу гап-сўзлар ташқаридан кириб келди ва юрт ичида авж олди. Шундай экан уларга аҳамият бериб ўтиришга ҳожат йўқ. Чунки бу қип-қизил ёлғон.

Раис унга стаканда сув узатди. У сувдан ҳўплаб, томоғини ҳўллади. Қизиб кетган вужуди сал босилгандек бўлди. Аммо юрагини нимталашни бошлаган шубҳа йўқолмади.

-Раис, агар бу миш-мишлар рост бўлиб чиқса барчангни уйингга ўт қўяман. Ўлган ўғлимнинг руҳи ҳаққи қасам ичаман, шундай қиламан. 

Орадан икки ҳафта ўтгач, раис уникига конвертда хат кўтариб келди. Хат КПСС нинг Марказий ижроқўмидан эди. Унда бундай бўҳтонлар асоссиз экани батафсил ёзилиб ва  таъкидланиб, айни пайтдаги сиёсий ҳолатда жипслик ва бирдамлик зарур эканлигига урғу берилганди. Хатнинг сўнггида ватани учун фидокорона жон берган аскарнинг ота-онасига мақтов ёғдирилган ва оиласи моддий рағбатлантириш ҳамда имтиёзларга тавсия этилганди. 

-Энди кўнглинг жойига тушдими?- деди раис кетишга чоғланиб, шляпасини бошига кияркан.

Аммо унинг кўнгли жойига тушмаган, шубҳа ва гумонлар юрагини тирнашда давом этаётганди. У ўша куни ўғлининг қабрига борди. Жаноза кунидан бери бормаётганди. Биринчи марта борди ва қабр тепасида ўкириб йиғлади. Агар қабр остида ўғлининг жасади эмас, темир-терсаклар бўлса, унда ўғлининг жасади қаерда қолгани ҳақидаги ўйлар уни йиғлатди. Кўзларида ёш қолмагач, қабр остида ҳақиқатан ҳам ўғли ётганига, Совет иттифоқи ўз фуқароларини бундай пасткашлик билан алдамаслигига ўзини ўзи ишонтирди. Шунга қарамай у кўз тиккан ишонч дадил келмади, аксинча шубҳа-гумонлар юрагидан аримади. Қўшимчасига  жаноза куни зобитнинг ҳатти-ҳаракатларини ёдга олганди ишончсизлик дилини янаям ўртади. Ахир, зобит тобутни очишга қаттиқ қаршилик кўрсатмаганмиди, у очмоқчи бўлганида пешонасига тўппонча тирамаганмиди?!

-Яратган эгам ўзинг тўзим бер бу бу совуқ ўйларимга, - деб ҳўнграб йиғлади у қабрни қучганича.- Шу ерда ўғлим ётганига ўзинг ишонтир мени.

Бу миш-мишлар кампирининг қулоғига ҳам етиб борганди. Аммо касалманд бўлиб қолган аёл буни юзага чиқармас, камгапликни ўзига одат қилиб, бировга бир сўз демас, ҳатто у билан ҳам кам гаплашарди. Фақат тунлари ўғлининг сурати билан бир чети тишланган патирни қучиб, йиғлаб чиқар ва буни у яхши биларди. 

-Қабрингга боролмаётган онангни кечир, болам,- деб кампири қоронғу хонада кўз ёши тўкарди.- Борсам жоним ўша ерда узилади, шунга бормаяпман. Ҳали укангни вояга етказиб, уйлантириб олайлик. Олдингга бораман... бораман... қайтмайдиган бўлиб бораман.

Расул бобо мозорда ҳар жума куни шунақа соатлаб қолиб кетарди. Ўтмиш хотираларини хаёлида тиклаб, жонлантириб, юрагидаги ҳалиям ўлмаган шубҳа-гумонлар билан чеки йўқ мунозарага киришарди. Орадан салкам қирқ йил ўтган бўлса-да, у эскирмаган ярасидан фавқулодда азият чекарди.

-Қабр остида ўғлимнинг жасади ётибди,- дерди у ҳар доим бу ярага малҳам сургандек бўлиб.

-Темир-терсаклар бўлса-чи,- дерди шунда қандайдир ички овоз эътироз билдириб.

-Бекор гап,- давом этарди у.- Мен бунга ишонаман.

-Ахир, ўша куни зобит тобутни очтирмади сенга, пешонангга тўппонча тиради,- тинчимасди ички овоз.- Шамол бўлмаса, дарахтнинг учи қимирламайди.

Бу мунозара кўпга чўзилса, у мозорни мағлуб бўлгандек тарк этар ва келаси мунозарага қадар қувват йиғиш учун яна бир ҳафта яшарди. Йиллар ўтгач, унда шу қувват манбаи ҳам қолмади ва мунозарадан воз кечиб, қабр тепасида шунчаки қулоқларини беркитиб ўтиришни лозим топадиган бўлди. У энди шунчаки келиб бу ерда соатлаб ўтирар, қулоқларини беркитганича ўғли билан хаёлан мулоқот қиларди. Шундай бўлса-да, қулоғидан қўлини олиши билан ўзи каби кексайган ва битмаган яраси атрофида эски шубҳа-гумонлар ҳаракатга келар ва уни мудом янгилашни ҳадисини олгандек у суянган ишонч билан курашга чоғланарди.

Ўғлининг қабри устида кўп қолиб кетганини вақт ўтиб ҳис қилди. Уйга бормаса кичик ўғли ва келини хавотир олишларини ўйлаб, “ ё раббим” деб ўрнидан турди ва ўғли билан келаси жумагача хайрлашди. Бугун негадир кўнгли бир оз таскин топгандек эди. Оний ҳаловат юрагига тасалли берди. Ўзини енгил сезгандек мозордан ташқарилади.

-Ўшанда зобит шунчаки буйруқни бажарган,- деди кетаётиб мозор томонга ўгириларкан.- Буйруқда тобут очилмасин дейилгани учун. 

У бу сўзларни ўзига ўзи пичирлаб айтган бўлса-да, наздида уларни гўё ичидаги у билан йиллар давомида мунозарага киришган шафқатсиз овозга, ўзи билан бирга кексайган яранинг битишига йўл қўймаган шубҳа-гумонларга қарата баралла айтгандек эди.        

2021 йил, июнь  
  • Яндекс.Метрика