Акам келяпти


Ўн олти қаватли бинонинг ойнаванд эшигидан кира-кира чап томондаги пластмасс девор билан ўралган кўчма хона туйнугидан келди-кетдини кузатаётган милиционер билан иримига салом-алик қилиб, ўнгга бурилгач, уч поғонали зинадан кўтарилиб, сарғиш лифт ёнига келдим. Чап томонда мармар тусли яна иккита лифт бор. Йўқ, уларга чиқмайман. Менга салкам ўзим билан тенгдош эски лифт ишончлироқ. Янги лифтларнинг бирига чиқиб, эллик минутча қамалиб қолганим, сира эсимдан чиқмайди. Шундан кейин мармар тусли лифтни кўрсам, душманимни кўргандай бўламан.

Баҳор


Лола сайли жуда гаштли бўлди. Қуёш тепамизга келгунча икки қучоқ-икки қучоқдан лола териб қўйдик. Собиржоннинг севинчи ичига сиғмасди. Касалдан яқинда турган бўлса ҳам, худди ёш боладек у ёқдан-бу ёққа сакраб чопар, кўм-кўк майсалар устига думаларди.
— Уриниб қоласан, — дедим охир, пешонасидаги терни кўриб.
— Касал бўлмагандекман, — деди у чўккалаб. — Фақат белим сал оғриди.
— Ўтир, чой ичиб оламиз.

Сенга ойи бўлолмайман, Олакўз


Мактаб бошланишидан олдинроқ мактабга эртароқ боришни ҳамма болалардай мен ҳам орзиқиб кутаяпман. Ахир, анча вақтдан буён учрашмаган жўралар билан учрашаман. Аммо, ич-ичимда биринчи сентябр тезроқ келмаса, энг бўлмаганда яна бир икки кун кечикиброқ келса дейман. Бунинг сабаби бор. Менга оқ матодан шим тикиб беришаяпти. Нимагадир у ҳеч битавермайди.
Ойим тирик бўлганларида бундай бўлмасди. Эҳ ойижоним. Мана, бир ярим йилдан ошаяпти, биз дадам, бувим, бу йил иккинчи синфга борадиган синглим билан бирга турамиз. Бувим қари, кун бўйи уриниб фақат бизга ош қилиш ва нон ёпишга кучи етади.

Халоскор қоғозлар


Марғуба остона ҳатладию, меҳмонхонадан келаётган таниш овозларга сергак тортиб қулоқ солди.
— Етти минг сўм камми?
— Еттитангиз киссангизда турсин, Мавлонбек! — бу тўнғич ака бўлмиш Тўлқиннинг товуши. — Бу ҳовли аслида тўнғич ўғилники бўлиши керак, бир вақтлар сал аҳмоқлик қилиб чиқиб кетганман, ҳозир шу хатони тўғрилаш пайти, нега ундан фойдаланмаслигим керак? Ҳовли эвазига ўзим ўн минг бераман.
— Аҳмоқлик қилгансизми, бошқами, бир мартага бу ҳовлидан воз кечгансиз, — деди дағаллик билан Мавлонбек, — энди сизнинг даъвогарликка ҳаққингиз йўқ. Туфлаган тупукни қайтиб оғизга олса шармандалик-ку?!

Баҳор қизлари



Шаҳло қаерга борса, албатта, кулги бўлади. У «Янгиобод» колхозига механизатсия бўйича раис муовини бўлиб тайинланганда йиғин аҳли баб-баравар кулиб юборди. Аммо бу кулгилар Шаҳлога асло таъсир қилмади, ҳатто қошининг бир учи ҳам қимирламади.
Негаки, у бундан аввал областда энг қолоқ «Каттачек» колхозига тайинланганда бундан ҳам баттар бўлган эди.
Мажлисда номзоди кўрсатилганда одамлар «Ўзларини бир кўрайлик» дейишди. Шунда кўпчилик орасидан сочлари баландроқ турмакланган, лабларига қизил суртилган, қулоғида узун, маржон нусха зираклар йилтираган, қоши булбул оёғидек ингичка бир қиз ўрнидан турди.

Сўнмаган ой қиссаси


Русчадан Ортиқбой Абдуллаев таржимаси

Эрта тонгда шаҳар бўйлаб завод гудокларининг чинқириғи янгради. Кўчаларни тун бўйи босиб ётган кулранг туман судралиб борар, ёмғир майдалаб ёғар эди. Секин-аста тарқала бошлаган бу тонгги совуқ туман ҳавонинг очиқ бўлишидан эмас, аксинча, бугун ҳам диққинафас, оғир, ёмғирли кун келишидан дарак берарди. Гудоклар анча вақтгача қичқириб турди, дастлаб секин, битта, иккита, учта, сўнг кўплаган чинқириқлар тонг олдидан ҳордиқ олаётган шаҳарнинг кулранг осмонига сингиб кетди. Завод гудоклари янграр, шаҳар чеккасидан тинимсиз келиб-кетиб турган поэздларни тортувчи паровозларнинг бўғиқ вишиллаб чийиллаган товуши тўхтовсиз эшитилиб турарди.

Олтин қурбонлик истайди


Тожик тилидан Ўринбой Усмон таржимаси

Жамшид Ҳабиб янги фарзандлик бўлган ҳамкасби Шамидани кўриб келиш учун туғ-руқхонага шошарди. Бир йил олдин қомати озғин, лекин чиройли бу қиз такрор-такрор йўқ, бўлмайди, дейишига қарамасдан барибир ўзи билан ҳамқишлоқ бўлган бир тожирга турмушга чиқди. Унинг қаттиқ қаршилик кўрсатишига сабаб танлаган касбини ниҳоятда яхши кўриши ва оппоқ келинлик либоси юрак орзулари учун кафанга айланишидан чўчи-ши эди. У эри бошқа ишлашга қўймаслигидан ё ўзи оилавий масъулизтлар остида қолиб кетишидан хавотирда эди.

Вақт қиймати


Инглиз тилидан Шаҳноза Раҳмонова таржимаси

Ота одатдагидек ишдан кеч қайтди. Ҳорғин, ҳафсаласиз, пажмурда гавдасини аранг судраб остона ҳатлади. Бўсағада уни мижжа қоқмай кўзлари тўрт бўлиб, интиқ кутаётган 5 яшар ўғли қарши олди.
— Салом, дада! – деди у қувончдан кўзлари порлаб.
— Салом, бўталоғим, ҳалиям ётмадингми?
— Йўқ. – дея жавоб берди бола ва сабрсизлик билан сўради. — Дада, майлими сизга савол берсам?

Куй сеҳри


Рус тилидан Назира Жўраева

Кеч кирганида дераза олдига келиб ўтираман-да, шуъладан тўқ қизил тус олган булутларнинг уфққа чўкишини томоша қиламан. Майсаларга шабнам тушиб сўлғин тус олгандек сезаман ўзимни, буғдой бошоқчалари эгилгандек бошимни қуйи соламан.
Шундай пайтларда доимо деворда осиғлиқ эски скрипкани оламан-да, созлай бошлайман. Билмайман, қандай қилиб бўлса-да, созанда бўлишни ўз олдимга мақсад қилиб қўйганман. Овозлар, оҳанг, куй – ҳаммаси дарҳол ўз-ўзидан чиқа қолади. Охирига бориб нима чалганимни ҳечам эслолмайман.
  • Яндекс.Метрика