Мачта учидаги одам

 
— Қулоқ сол! Ҳе-ей! Ҳой, эшитяпсанми? Ҳой! Жинни! Қулоқ сол, Шукур! Туш пастга! Мачта учидаги каллаварам, эшитяпсанми? У ерда нима қиляпсан? Жинни бўлиб қолдингми, нима бало, нега у ёққа чиқиб олдинг? Аҳмоқларнинг аҳмоғи! Расво! Ҳайвон! Палид! Туш, деяпман! Отангнинг арвоҳини чирқиллатишга мажбур қилма, лаънати чулчут!
Калтабақай қўлларини худди қанотдай лапанглатганча капитан Мемед палубада у ёқдан-бу ёққа пилдираб югурар, команда аъзолари эса журъатсиз қотганча орқароқда қимирламай тўпланиб туришарди.
Қапитан Мемед фокмачта атрофида пириллаб айланиб, депсиниб турар, бошини юқори кўтарганида эса четдан қараган одамга бўйни елкасига қўшилиб кетганга ўхшарди.
Одамлар мачтанинг учига қарашди: ҳақиқатанам мачтанинг қир учидаги шарпа одамми ёки уларга шундай туюляптими?
Батафсил
0

Учрашув

 
Шифохона қуюқ дарахтзор орасида жойлашгани учун туни билан чигирткаларнинг чириллашидан қулоқлар қоматга келади. Саҳарга яқин уларнинг овозини қушларнинг чуғурлаши босиб кетади. Йўлаклари нурга чўмилиб ётган шифохона эса  митти паррандаларнинг бу шовқин-суронига бутунлай бепарво, мудраб тонгни кутади. Аслида шифохонада кундузлари ҳам жуда сокин кечади. Бу ерда асосан мартабали ва нишондор кишилар ётиб даволанишади ва улар кўпинча касал бўлганликлари учун эмас, касал бўлмаслик учун ҳар ярим йилда ўн-ўн беш кун ётиб, турли текширувлардан ўтишади, дам олишади. Уларнинг ўзлари ҳам, изидан келувчилар ҳам касалхона тартибларини жуда ҳурмат қилишади, унда-мунда йўлакка чиқиб қолишса ҳам, юмшоққина шиппакларда оёққиналарининг учида оҳистагина юриб, бир-бирлари билан пичирлашиб гаплашишади.
Батафсил
0

Лола

 
Тонг саҳардан бошлаб осмонда булутлар югургилаб қолди. Этни жунжиктирувчи совуқ шамол эсар, унинг таъсирида сарғайган нимжон япроқлар бандидан узилар, ҳавода чарх ура-ура ерга тушарди. Дарахтлар таги қалин баргихазон билан қопланган эди. Бир гала қарға қағиллаганча номаълум тарафга учиб кетди. Қишлоқ уйлари узоқдан бир-бирига ёпиштирилган гугурт қутиларига ўхшаб кўринар, уларнинг кўримсиз эшик ва деразалари муваққат яшаш учун наридан-бери қурилган масканни эслатарди.Худодод чаққон ва дадил қадам ташлаб борар, вужудига тоза куч қуйилаётганини ҳис қилмоқда эди. У водий бўйлаб йироқ-йироқларга чўзилиб кетган, ёмғирдан нам йўлдан борарди. Совуқ шамол унинг баданини эркалаб сийпаётгандек ҳис қиларди. Назарида дарахтлар рақс тушар, қарғалар шодлик муждасини олиб келар, хуллас, бутун табиат унинг шоду хуррамлигига шерик эди. У гўё йўқотиб қўйишдан қўрққандек, қўлтиғидаги қалами тугунни маҳкам қисиб олган эди.
Батафсил
0

Висола Пардабоева

 

ҚИШЛОҚИ СЕВГИ

Ўтин ташишга чиқсам,
Ўтлаб юрар сигиринг.
Кулиб турибман мен ҳам,
Ахир,  менда кўз қиринг.

Ўтин ташиш баҳона,
Баҳона сигир боқиш.
Асли-ку мақсадимиз:
Бир-биримизга ёқиш.
Батафсил
+4

Сен йиғлайсан

 
“Қандайсан қароғим?” дейсан, “Яхшиман она!” дейман. “Овозинг бироз бошқача эшитиляптими…” деб сўрайсан, “Телефондан бўлса керак!” дейман. Ишонасан. Сўнг келинингни, набираларингни сўрайсан. “Ҳаммаси яхши, ҳаммасининг ишлари жойида…” дейман , сен яна ишонасан.Сен менга ҳар доим ишонасан она. Тўғри гапирсам ҳам, ёлғон гапирсам ҳам ишондинг. Ёлғон сўзлаётганимни билсанг ҳам бирор марта юзимга солмадинг. Сен уни ёлғонлигини била туриб, керак бўлганлиги учун гапиряпти деб ўйладинг, ёлғонга эмас менга ишондинг она. Ва ҳар сафар мени кечирдинг. Мана яна ишоняпсан. Мени яна бир марта кечиришинг керак. Чунки келинларинг, набираларинг, ҳеч қайсиси яхши эмас она, ҳеч қайсисининг иши жойида эмас она, ҳаммаси менинг олдимда, атрофимда…
Батафсил
0

Болакай ва офтоб

 
Озиб-тўзиган, жулдиргина кийинган сағир болакай муҳташам бир уйнинг деворига суяниб ўтирган кўйи ўтиб-қайтаётган йўловчиларга кир-чир қўлларини чўзиб, тиланаётганди. Бу митти бояқишгинанинг ёнидан ўтиб кетаётган одамларнинг бирортаси қиё боқмас, унинг зорланиб садақа сўраётганига ҳеч ким парво ҳам қилмасди.
Болакай уззукун лоқайд, кўнгли қаттиқ одамлардан тиланавериб, чарчади. Ниҳоят қош қорайди. Офтоб чўкиб, совуқ тушди. Болакай жон-жонидан ўтиб кетган совуққа чидаёлмай, осмонга тикилган кўйи лаблари қимирлади:
— О, офтобжон, куни билан нурингни сочиб, танимга иссиқлик бағишлардинг, энди қаерга ғойиб бўлдинг? 
Батафсил
+1

Кузнинг машъум айбномалари

 
Уни ҳар куни эрталаб мактабга кетаётганимда учратардим. Ҳамиша битта жойда, муюлишга яқин йўл четида ўтирган бўларди. Соч-соқоли ўсиб кетган, ғам-андуҳ тўла юзида алланечук кўнгли равшан одамларнинг афт-ангорида зуҳр этувчи ювош ва ёқимли ифода балқирди.
Оғир турмуш бошига солган кўргиликлар унинг қиёфасига аёвсиз тамғасини босган – чуқур-чуқур ажинлар ғамгин юзини тилимлаб юборган эди.
Патила-патила қуюқ сочлари ғам-ташвишдан оппоқ тусга кирганди.
Ёзда у мева-чева, қишда эса қовурилган каштан мағзини сотарди.
Маҳалла-кўйда уни билмаган одам йўқ эди. Айниқса, болалар яхши кўришар, ҳар куни мактабга кетаётиб ундан қовурилган каштан олиш учун муюлишда албатта тўхташарди.
Батафсил
+1

Тимур Лашёнов чизгилари

 
Тимур Лашёнов - 1989 йил Қашқадарё вилояти Шахрисабз туманида туғилган. 2013 йил Камолиддин Бехзод номидаги миллий рассомчилик ва дизайн институтининг магистратура босқичини тугатган. Бир қанча кўргазма ва танловлар ғолиби. Тасвирий санъатнинг ранг-тасвир йўналишида ижод қилади.


Батафсил
+1

Отабек ОДИЛ

 
Қучоғингда яйрамоқчиман,
Бир бағрингга бос мени, Ватан.
Булбулдайин сайрамоқчиман,
Менга куйлаш xос экан, Ватан?!

Тоғларингнинг ўтлик виқори,
Топгандайман оға-инимни.
Қанча чиқсам, шунча юқори
Ҳаяжонлар чулғар дилимни.
Батафсил
+4

Алвидо, эй Гулсари

 
Эски аравани кекса бир киши ҳайдаб борарди. Саман йўрға – Гулсари ҳам жуда қари эди...

Ясси тоғликка тинкани қуритадиган узоқ йўл билан чиқиларди. Яйдоқ Кулранг тепаликларда қишда доим совуқ шамол ер ялаб изғиб юрар, ёзда эса тандирдай қизиб кетар эди.

Бу тепаликлар Танабой учун жон азоби эди. У аравани секин ҳайдашни истамасди. Секин юрса юраги тарс ёрилиб кетай дерди. Ёшлик кезлари туман марказига тез-тез қатнаб туришга тўғри келар, уйга қайтишида у ҳар гал отнинг бошини қўйиб юбориб, тоққа чоптириб чиқиб кетар, уни қамчи билан аёвсиз саваларди. Агарда ҳамроҳлари билан бир аравада кетаётган бўлса, бунинг устига яна аравага ҳўкизлар қўшилган бўлса борми, ерга сакраб тушиб, индамай кийимларини олардида, яёв кетарди. Худди ҳужумга бораётгандай жон-жаҳди билан, қаҳр ғазаб билан юрар ва ясси тоғлик устига кўтарилгандагина тўхтар эди. У ерда кўксини тўлдириб-тўлдириб нафас олиб, пастда ўрмалаб келаётган оғир, катта аравани кутиб турарди. Тез юрганидан юраги гупиллаб урар ва кўкрагида санчиқ турар эди. Ҳар қалай ҳўкизларнинг қадамига қараб, имиллаб келгандан кўра яхши-ку!
Батафсил
0