
Таржимон: Йўлдош Эшбек
Қуёшни баҳорнинг боши ва кузнинг адоғида ҳар қачонгидан кўра қаттиқроқ, кўпроқ суюшимизни таъкидлашга ҳожат бўлмаса керак. Одамлар илк баҳор куёшини аскарликдан қайтган ўғлини ёки ғурбатга узатилган, яъни узоққа келин бўлиб тушган қизини кутиб олган отаона каби қаршилайдилар. Кузги қуёш эса бамисоли байрам таътилида келган меҳмон — лоақал яна бир кунга қолиши исталган суюкли фарзанд... У булутлар бағридан боқиши билан боғчаларга, супаларга, айвонларга, деразалар тубига кўрпачалар солинади, суҳбатлар курилиб, тикиш-бичиш сингари қўл юмушларига киришилади.
Апрелнинг бошларида, икки қавватли уй деразаси олдида ўтириб ҳам ип юмалоқлаган, ҳамда тўр парда узра тушаётган оқшомни кузатаётган икки аёл аслида кўпдан орзиқиб кутганлари — қуёш нурлари боис шу ерда ўтирардилар.