Умрдан узун кеча

Муаллиф: Ҳидоят
Озарбойжон тилидан Рустам Жабборов таржимаси
Уйдагилар уйғонмасин дея, калитни оҳиста буради. Яхшиямки, эшик ичкаридан тамбаланмаган экан. Акс ҳолда бўсағада анча кутгандан сўнг, хотинининг тўнғиллаган садолари остида эшик очилган бўларди. Хотинининг заҳил, норози қиёфаси кўз олдида дафъатан жонланди.
“Шуям ҳаётми, одамни ярим кечаси каллахуш қилади. Одамлар ҳозир уч уйқуни уриб бўлди”.
Одатда бунақа иддаоларга эри жавоб қайтармасди. Билади: бир оғиз гапирса, хотини ўн оғиз қилиб қайтаради. У аёли билан холаваччаси Дилоранинг туғилган кунида танишган. Танишувлари қанчалик оддий кечган бўлса, тўйлари ҳам худди ўшандай ўтди. Ўрталарида нима бор эди? Севгими? Йўқ, уларнинг севишга, тўғрироғи севгисини синовдан ўтказишга вақти бўлмаганди.