(Танлов учун тақдим этилмоқда)Муаллиф: Раскин Бонд, ҲиндистонИнглиз тилидан Шоҳрух Усмонов таржимасиКоллеждалигимда ёзги таътилни Деҳрада, бувимникида ўтказишга одатланган эдим. Доимо майнинг бошларида йўлга тушиб, июльда ортимга қайтардим. Деоли Деҳрадан ўттиз чақирим нарида жойлашган кичикроқ бекат бўлиб, Ҳимолай этакларининг жанубидаги қалин чангалзорлар бошланишини белгилаб берарди.
Поезд Деолига саҳар бешларда - станция электр чироқлари-ю мойли лампаларнинг хира нурларига чўмган, тонгги ғира-шира рўшноликда темирйўл бўйлаб ястанган чангалзорларни киши кўзи базўр илғаши мумкин бўлган паллада кириб борарди. Бу ер бор-йўғи битта платформа - станция бошлиғининг идораси ва кутиш хонасидан иборат эди. Станцияда чой сотиладиган пештахта, мева растаси ва дайди итларидан бошқа тасвирлагулик ҳеч вақо йўқ эди, боиси поезд бу ерга бир мартагина, ўрмонзорга кириб кетишдан илгари, нари борса, ўн дақиқага тўхтарди, холос.