Сўнмаган ой қиссаси


Русчадан Ортиқбой Абдуллаев таржимаси

Эрта тонгда шаҳар бўйлаб завод гудокларининг чинқириғи янгради. Кўчаларни тун бўйи босиб ётган кулранг туман судралиб борар, ёмғир майдалаб ёғар эди. Секин-аста тарқала бошлаган бу тонгги совуқ туман ҳавонинг очиқ бўлишидан эмас, аксинча, бугун ҳам диққинафас, оғир, ёмғирли кун келишидан дарак берарди. Гудоклар анча вақтгача қичқириб турди, дастлаб секин, битта, иккита, учта, сўнг кўплаган чинқириқлар тонг олдидан ҳордиқ олаётган шаҳарнинг кулранг осмонига сингиб кетди. Завод гудоклари янграр, шаҳар чеккасидан тинимсиз келиб-кетиб турган поэздларни тортувчи паровозларнинг бўғиқ вишиллаб чийиллаган товуши тўхтовсиз эшитилиб турарди.

Вақт қиймати


Инглиз тилидан Шаҳноза Раҳмонова таржимаси

Ота одатдагидек ишдан кеч қайтди. Ҳорғин, ҳафсаласиз, пажмурда гавдасини аранг судраб остона ҳатлади. Бўсағада уни мижжа қоқмай кўзлари тўрт бўлиб, интиқ кутаётган 5 яшар ўғли қарши олди.
— Салом, дада! – деди у қувончдан кўзлари порлаб.
— Салом, бўталоғим, ҳалиям ётмадингми?
— Йўқ. – дея жавоб берди бола ва сабрсизлик билан сўради. — Дада, майлими сизга савол берсам?

Юракдаги юк



— Майдадан катта чиқса замбаракнинг ўқи бўлар. Каттадан майда чиқса итялоқнинг юқи бўлар! Ҳе, ўл-а! Сени одам деб оғзимнинг ҳовурини шамолга олдириб ўтирибман-а!
Холли Чиноқнинг жазаваси жавзони қовираяпти. Аламидан тош чайнаб, ўзича ғудраниб-ғудраниб ҳоварга лорсиллаб-лорсиллаб кетмон ураяпти, худди ернинг жонини суғуриб оладигандай... Чолнинг бадани чой қайнатаяпти, лекин ичи музлаб кетаяпти.
— Ҳе, сендай нокаснинг юқуми, қари ҳанггининг тўқими. Уруғи паст-да, уккағарнинг.
Чиноқнинг чинтайиб юзингда кўзинг борми демай гап сермаши, сермагандаям тошмақолга ўраб отиши, бу пайров тегса унча-мунча одамни ағдаришини Сарви хола яхши билади.

Самир учун…


Озарбойжон тилидан Бобохон Муҳаммад Шариф таржимаси

Овозидан аҳволи яхши эмаслигини сездим. Тушлик баҳонасида мени ишхонаси яқинидаги қаҳвахонага таклиф қилди. Бинодан югуриб чиқдим. Совуқдан бошим, қулоқларим музлагандай бўлди… Оёғимни қўлимга олиб, қаҳвахонага чопиб кирдим. Бир бурчакдаги стол орқасида ўтирганча, сигарет бурқситаётганди. Унга кўзим тушди дегунча, ҳавонинг совуқлигини бирданига унутдим, вужудимни қандайдир бир илиқлик қоплади. Мени кўрди дегунча, оёққа қалқиб, пешвоз чиқди. Гўё минг йилдан бери кўришмаган одамлардай, қучоқлашдик, ёноқларидан ўпдим.

Молхона


Муаллиф: Жорж Оруэлл
Инглиз тилидан Санобар Каримова таржимаси


〰️〰️〰️ I БОБ 〰️〰️〰️
Мистер Жоунз қоронғи тушиб қолганлиги учун товуқхонанинг эшигини беркитди. Лекин товуқлар катагининг орқа томонидаги тешикларни беркитиш унинг хаёлидан кўтарилди. Ферманинг этак томонидан қайтаётган мистер Жоунзнинг қўлида фонар бор эди. Ундан таралаётган нур ферма ҳовлиси бўйлаб ўйнарди. Кайфи ошиб қолган мистер Жоунз ферма майдонини гандирақлаган ҳолда кесиб ўтди-да, омборхонанинг орқа эшигидан кириб, оёғидаги этикларини улоктириб юборди. Кружкани қўлига олиб, бочкадаги пивога ботирди ва тўғридаги кушеткага — қаттиқ хуррак отиб ухлаётган миссис Жоунзнинг ёнига бориб ёнбошлади.

Йиллар синови


«Мана бу мактубга диққат қилинг, азизлар. Унда ёзилишича, саксонинчи йилларда Тошкент тўқимачилик комбинатининг 2-фабрикаси, 2-йигирув тсехида йигирувчи бўлиб ишлаган Фарида исмли қизни анчадан бери бир дўстлари излаяпти экан. Афсуски, Фарида синглимизнинг суратлари юборилмабди. Ушбу мактуб муаллифи Фариданинг ўнг қўлининг билагида каттагина холи бор эди, деб ёзибдилар. Агар Фаридахон бизни кўриб, тинглаб турган бўлсалар ёки бу ҳақда бировдан эшитган булсалар, илтимос, бизга қўнғироқ қилишларини сўраймиз. »

Гули сиёҳ


Табиат… О, она табиат!
Бoғда осуда куз фасли ҳукмрон, яшил майсаларни санавбар дарахтларининг сояси қамраб олган. Сукунат аста ҳаракатга келиб, шаффоф тутун осмонга кўтарилди. Бу тутун гўё боғни ташқи оламдан ажратиб, ичимга жо қилди.
Бу ерда учтамиз: дарахтлар, майсалар ва мен. Мен ҳали сарлавҳа топиб улгурмаган ҳикоямнинг қораламасини яқиндагина тугатдим. Лекин тан олишим керакки, менда жўяли таассурот пайдо бўлганди. Бу таассурот мени ҳикоядаги шахсларни қамраб олган барча ҳис-туйғулардан бутунлай қутулганимни кўрсатарди. Энди мен ҳам худди боғдек сокинман.

Ўшанда ҳам куз эди


Низом институтдан қайтганда ойиси ичкари уйда ким биландир гангур-гунгур гаплашиб ўтирарди. Она унинг шарпасини дарров сезди. Суҳбатини тўхтатиб, одатдагидек енгил, шарпасиз қадамлар билан унинг ёнига келди.
— Келдингми, болам?
— Ҳим, яхши ўтирибсизми?
— Шукур. Меҳмон бор.
— Ким?
— Лутфи опоқинг.
— А?! — Низом эндигина ечган костюмини негадир қайтадан кийди, — нега? Нега киритдингиз?
— Жим. Уят бўлади. Қариндошлариникига келган экан, кўчада кўришиб қолдик. Ўзим олиб кирдим уйга. Сўрашиб қўй..

Матлуба


Матлуба синглисининг хатини эрталаб олган бўлса ҳам, ўқиб чиқиб столининг тортмасига ташлаб қўя қолди. Чунки унинг илтимосини адо этолмаслигини тушунган эди. Кейин кун бўйи санаторий врачининг зиммасидаги минг хил майда-чўйда ишлар билан бўлиб, синглисининг хати ёдидан ҳам кўтарилди. Кечқурун ниманидир қидириб столнинг тортмасини очди-ю, кўзи хатга тушиб, кўнгли яна бир хил бўлиб кетди.
Синглиси санаторийнинг шофёридан бериб юборган хатида шундай деган эди:
«Опажон!
Институтга энг ками ўн тўрт балл билан қабул қилишар экан. Мен ўн икки балл олдим. Бироқ одамлар: ҳар нечук қишлоқдан келгансан-ку, шошмай тур, дейишяпти.

Руҳ олмошлари



*** Мен ***

Ҳаво тундлашгандан тундлашди. У гўё лаҳза сайин қоронғулашиб бораётган қисматимга ўчакишаётгандек эди.
Мен шоша-пиша ишдан қайтар эдим. Уст-бошим шаллаббо. Ёмғир тинай демасди. Шу дам негадир ёмғирнинг таъмини билгим келди ва ҳовучимни беҳуш ёғаётган ёмғирга тутдим.
Бир зумда ҳовучим тўлди. Болалигимда ариқ сувини ичгандай уни ютоқиб сипқордим. Бунча тотли. Мен доим ёмғир ёғишини осмон йиғлаяпти, деб таърифлардим.
Айтишларича, ғамдан йиғласанг кўз ёшинг шўр, шодликдан йиғласанг ширин бўлар экан... Осмон бунча хушбахт бўлмаса?!

  • Яндекс.Метрика