Абдуллоҳ Абдураҳмон таржимаси
Ёшлик кексаликнинг кўзгусидир.
Кўзгудаги аксдан рози бўлмаган киши, кўзгудан эмас ўзидан ҳисоб сўраши лозим.
Томдаги қорлар эриб, уй ичига томчилаб, ҳамма ёқни ҳўл қилганди. Хонадоннинг қизи Фотима чакка ўтаётган ерларга идишларни қўяр, ҳам тинмай нолирди.
– Тўйиб кетдим ахир, тўйиб кетдим. Ойи, мени эшитяпсизми? Эрингизга айтинг бизни тузукроқ уйга жойлаштирсин энди.
Фотима бутун кин ва нафрати билан нолишда давом этарди.
– Уйимиздан уяладиган бўлиб қолганман. Ҳатто ўртоқларимни ҳам таклиф этолмайман.
Икки хонаси ва зали бўлган масжид ётоқхонасида онаси доим шу сўзларни эшитарди. Жигарбандининг бу гапларидан қаттиқ ранжир ва
– Қизим, болажоним, шунга ҳам шукур қилишимиз керак. Бошпанасиям бўлмаганлар бор. Даданг яқинда келиб қолади. Охирги ракатни ўқишаётган бўлишса керак. Овозинг масжидга эшитилиши мумкин, сал секинроқ гапир, – дерди.