
Биз турадиган қизлар ётоқхонасига йигит зотини яқин йўлатишмайди. Мабодо, бирор қизни чақириш керак бўлса, шу ерда турадиганлардан бирига хона рақами ва чақирилувчининг исми айтилса бас. Юқорига кўтарилган талаба чақирувчининг эшигини қоқиб ўтирмайди, даҳлиздан чақириб қўя қолади.
Ҳар қалай бизнинг ётоқхонада азалдан қоида шу. Фақат баъзи-баъзида бу қоида бузилиб туради. Агар пастдан кимнидир чақириб қолишса, ётоқхонанинг ҳар бешала қаватига бу овоз эшитилиши табиий.
Ётоқхонанинг ҳаёти жуда ғалати эди. Ҳар кечқурун кимнидир, нимагадир пастга чақиришса, ҳаммамизнинг юрагимиз дукиллаб турарди. Пастга чақирилган, ҳовлида бир-бирининг пинжига кириб пичирлашиб турганларга ҳасад билан қарардик. Уларнинг исмларини билмасак-да, юзлари бизга яхши таниш эди. Кимни, қачон, қайси хонадан чақиришларигача билардик. Фалончи қачон қарама ётоқхонанинг тагида куймаланиб юради. Пистончини эса, биров йўқлаб келмайди.